Цемент нархининг ўсиш суръатлари пасайди | Новости

03 Июл 2020
Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида цемент нархларининг ўсиш суръатлари нисбатан пасайди.
 
Хусусан, жорий йилнинг 29 июнидан то 3 июлигача бўлган даврда барча маркали цементнинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 754,0 минг сўмдан 774,6 минг сўмгача, яъни 2,7 фоизга ўсди. Шу жумладан, 1-2 июль кунларида биржа котировкалари мос тарзда 736,6 ва 746,5 минг сўмни ташкил этган. Бироқ, аввалги ҳафта билан солиштирганда цементнинг жума кунги котировкалари 2,3 фоизга пасайган.
 
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларига жами 190,9 минг тонна цемент қўйилган бўлиб, улардан 188,5 минг тоннаси, яъни 98,7 фоизи сотилган. Жумладан, форвард шартномалари асосида 2,1 минг тонна цемент биржа савдоларига қўйилди ва уларнинг барчаси сотилди.
 
Таъкидлаш лозимки, ўтказилган форвард савдоларига кўра, ЦЕМ II А-К (П-И) 32,5Н маркали композит портландцементнинг бир тоннаси учун нарх 2 июль куни 487,3 минг сўмни, 3 июль куни эса 552,0 минг сўмни ташкил қилди.
 
Умуман олганда, жорий ҳафтада биржа савдоларида ҳар бир харидор учун 114,0 тонна миқдоридаги кунлик лимитнинг қўлланилиши ҳамда форвард шартномаларини жорий этилиши цемент нархларининг ўсиш суръатларини ўтган ҳафтага нисбатан пасайишига ҳамда цемент маҳсулотини биржада харид қилган иштирокчиларнинг сонини икки баробарга ўсишига кўмак берди.
 
Айни пайтда биржада цемент учун нархлар фақатгина ҳақиқий бозор тамойиллари асосида талаб ва таклифга кўра шаклланиб бормоқда.
 
Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан берилган маълумотларга кўра, Ҳукуматнинг топшириғига биноан яқин кунларда мамлакатимизда цементни импорт қилиш жараёнларини енгиллаштиришга қаратилган норматив ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
 
Бундан ташқари, келаётган ҳафтада биржа савдоларига қўйилаётган цемент маҳсулотларининг ҳажмларини кўтарилиши ҳам назарда тутилган.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 7666