24 июнь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) мутахассислари Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ) ходимлари учун “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг электрон давлат харидлари тизими” мавзусида вебинар бўлиб ўтди.
Тадбирда БУТБ вакиллари, ЎзРТХБ марказий аппарати ва ҳудудий филиалларининг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, давлат харидлари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон республикаси Молия вазирлигининг вакиллари иштирок этдилар. Вебинар очиқ мулоқот ва давлат харидларининг электрон тизимининг тақдимоти шаклида ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2018 йилдан буён xarid.uz давлат харидлари бўйича махсус харидлар порталининг оператори ҳисобланади. Ушбу портални яратишдан кўзланган асосий мақсад давлат харидлари шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб қилишдан иборатдир.
Порталда давлат харидлари бўйича барча эълонлар ва уларнинг натижалари жойлаштирилади, ҳамда давлат харидлари электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтиришга қаратилган электрон аукцион шаклларида ўтказилади. Шу билан бирга, давлат харидларининг субъектлари бюджет ва корпоратив мижозларга бўлинади.
Давлат харидлари бўйича барча битимлар фақатгина электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида амалга оширилади. “XARID” электрон тизимига, шунингдек, биржанинг ҳисоб-клиринг палатаси (ҲКП) орқали гаров таъминоти билан битимларни кафолатлаш амалиёти ҳам жорий этилган.
Шу билан бирга, 2020 йилда давлат харидларини milliydokon.uzex.uz (emilliydokon.uzex.uz) орқали маҳаллий тадбиркорлар иштирокида ҳудудлар кесимида амалга ошириш хизмати ҳамда давлат харидлари бўйича танлов ва тендерларни электрон шаклда ўтказиш имконини берувчи etender.uzex.uz янги савдо тизими жорий этилди.
Тақдимот давомида вебинар иштирокчилари биржанинг давлат харидларининг ҳар бир савдо тизимида буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг иштирок этиш тафсилотлари билан танишиб чиқдилар. Хусусан, порталдаги шахсий кабинетдан фойдаланиш имкониятлари намоён этилди. Буюртмаларни тизимга жойлаштириш, аукцион ғолибларини аниқлаш ва битимларни электрон шаклда тузиш тартиблари кўриб чиқилди.
Шунингдек, норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасининг электрон давлат харидларида иштирок этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жонли муҳокамалар давомида вебинар иштирокчилари ЎзРТХБ мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб ва шарҳлар олдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4875