“ЎзРТХБ” АЖ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши бўлиб ўтди. | Новости

26 Май 2020

2020 йил 22 май куни биржанинг марказий биносида “ЎзРТХБ” АЖ акционерларининг 2019 йил натижалари бўйича умумий йиллик йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир давомида жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича йиллик ҳисоботи, Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясининг 2019 йил учун ҳисоботлари акционерлар томонидан тасдиқланди. Акциядорлик жамиятининг Кузатув кенгаши, Тафтиш комиссияси ва Бошқарувининг янги аъзолари сайланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, “ЎзРТХБ” АЖ 2019 йилдаги фаолияти товар бозорларида бозор механизмлари ва илғор технологияларни жорий этиш орқали биржа савдоси ва электрон тижоратни янада ривожлантиришни таъминлашга қаратилди.

Ушбу вазифаларни бажариш доирасида 2019 йилда “ЎзРТХБ” нинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2018 йилга нисбатан 35,6% га ўсиб, 43,1 трлн сўмни ташкил этди. Бунда тузилган битимларнинг ҳажмини 87% дан кўпи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келган.

Ўтган йилда биринчи навбатда биржа савдоларида сотилаётган товарларнинг сони ва ҳажмини кўпайиши эвазига тадбиркорлар томонидан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларидан эркин фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган шартномаларнинг ҳажми 2018 йилга нисбатан 31% га ўсиб, деярли 21,0 трлн сўмни ташкил этди. Шу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 13,4 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилишган ва 7,5 трлн сўмга тенг ўзлари ишлаб чиқарган товарларни сотишган.

2019 йил якунлари бўйича биржа фаолияти якунлари тўғрисидаги ҳисоботни тинглашда, экспорт йўналишида ҳам ўсишга эришилганлиги қайд этилди. Хусусан, ўтган йилда биржа орқали экспортга сотилган товарларнинг умумий қиймати 130,8 млн АҚШ долларни ташқил этди ва ушбу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 5,7 фоизга кўпдир.

Янги йўналишларни ишлаб чиқишда инновацион ечимларни фаол жорий этиш орқали биржа фаолиятида юқори натижаларга эришиш таъминланди. Хусусан, ҳисобот даври мобайнида электрон тижорат соҳасида бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилди. Улар қаторига мобиль рақамларни онлайн сотуви бўйича mobilraqam.uzex.uz вебсайти ва логистика бўйича mytransport.uz порталини ишга туширилиши киради.

Биржа савдолари ва ҳисоб-китоб клиринг операциялари иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратиш, шу жумладан мижознинг шахсий кабинетига янги интерактив хизматларни жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Кузатув кенгашини тавсияларига кўра, акционерлар томонидан 2019 йилнинг соф фойданинг 76,1% дивидентлар тўловига йўналтирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, Биржани ўрта муддатли (2020-2023 й.) ривожланиш стратегиясининг муҳим устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилди, шу жумладан:

-    мижозларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва тезкорлигини ошириш;

-    савдо тизимларини такомиллаштириш ва янги хизматларни жорий этиш;

-    ахборот-таҳлил фаолиятни кенгайтириш;

-    HR-менежмент ва молиявий менежментнинг замонавий усулларини жорий этиш.

Йиғилиш якунига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ Бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлари қониқарли деб топилди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 6265