Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси видеоконференц алоқаси ёрдамида хорижий биржалар билан ишбилармонлик муносабатлари ва ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттирмоқда.
Хусусан, 14 май куни Беларусь универсал товар биржаси Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мутахассислари учун Беларусь республикаси давлат харидлари бўйича биринчи ўқув вебинарини ўтказди. Тадбир 2018 йил сентябрь ойида биржалар томонидан имзоланган стратегик ҳамкорлик келишувига мувофиқ ўтказилди.
Вебинар давомида Беларусия давлат харидлари тизимининг тузилиши ва ўзига хос хусусиятлари, меъёрий-ҳуқуқий базаси, давлат харидлари бўйича электрон савдо майдончаларининг Давлат ахборот-таҳлил тизими билан ўзаро муносабатлари, шунингдек хорижий товар (иш, хизмат) етказиб берувчиларнинг харидларда иштирок этиш имкониятлари каби мавзулари батафсил очиб берилди.
Шунингдек, электрон харидларни www.zakupki.butb.by савдо майдончасида ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчи ва мижознинг ҳаракатлар алгоритми, харидларни амалга ошириш тартиби, ҳамда савдо майдончанинг асосий хусусиятлари ва афзалликлари қайд этилди.
Маърузаларнинг якунида вебинар иштирокчилари ўртасида Беларусь универсал товар биржаси тажрибасини ЎзРТХБ электрон давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришда қўллаш имконияти хусусида фикр алмашинуви бўлиб ўтди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 6466