Биржанинг озиқ-овқат сегментида нархлар пасайди | Новости

06 Апр 2020
Ўтган ҳафта давомида, яъни 30 март – 3 апрель кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ очиқ биржа савдолари орқали жами 784,4 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги савдо ҳафтасига нисбатан 3,3% га камдир.
 
Биржа савдолари белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ штат режимида амалга оширилмоқда. Мижозларнинг масофадан, яъни уйдан чиқмасдан брокерлар ёрдамида электрон биржа савдоларида иштирок этиш таъминланган. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйиб боришмоқда.
 
Хусусан, ўтган ҳафтада биржа савдоларига 33 788,0 тонна буғдой унининг 1-нави қўйилди ва уларнинг деярли барчаси сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 6 757 тоннани ташкил этди. Савдоларда бир кунда ўртача 4 206 та харидорлар эркин тарзда иштирок этишди.
 
Ўтган ҳафта мобайнида уннинг 1-нави бўйича биржада шаклланган нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 491,7 минг сўмдан 2 473,5 минг сўмгача пасайди. Уннинг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан 1% га пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 472,5 минг сўмни ташкил эди.
 
Биржа бозордаги таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли бозорда нархларнинг пасайиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Хусусан шакарнинг 3 категорияси учун кунлик нархлар ўтган ҳафта мобайнида маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 372,1 минг сўмдан 5 278,3 минг сўмгача пасайди. Шакарнинг ўртача ҳафталик нархи ҳам аввалги ҳафтага нисбатан 2% га пасайиб, товарнинг бир тоннаси учун 5 258,3 минг сўмни ташкил этди.
 
Пахта ёғи бозорида ҳам барқарор ҳолат сақланмоқда. Ўтган ҳафта савдо натижаларига кўра 3 937,0 тонна пахта ёғи биржа савдоларига қўйилди ва улардан 2 087,0 тоннаси, яъни 53% сотилди. Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9 127,5 минг сўмдан 8 971,6 минг сўмгача пасайди. Биржа савдо натижаларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 9 150,7 минг сўмни ташкил этди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 6991