Биржада АИ-91 русумли бензиннинг нархи пасайди | Новости

13 Апр 2020
Ўтган ҳафта давомида, яъни 6-12 апрель кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ очиқ биржа савдолари орқали жами 749,9 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги савдо ҳафтасига нисбатан 4,4% га камдир.
 
Биржа савдолари белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ штат режимида амалга оширилмоқда. Мижозларнинг масофадан, яъни уйдан чиқмасдан брокерлар ёрдамида электрон биржа савдоларида иштирок этиш таъминланган. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйиб боришмоқда.
 
Хусусан, ўтган ҳафтада биржа савдоларига 34 366,0 тонна буғдой унининг 1-нави қўйилди ва уларнинг барчаси сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 6 867 тоннани ташкил этди. Савдоларда бир кунда ўртача 4 598 та харидорлар эркин тарзда иштирок этишди. Уннинг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 472,5 минг сўмдан  2 471,6 минг сўмгача пасайди.
 
Биржа бозордаги таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли бозорда нархларнинг пасайиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Хусусан шакарнинг 3 категорияси учун кунлик нархлар ўтган ҳафта мобайнида 2% га пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 235,7 минг сўмни ташкил этди. Шакарнинг ўртача ҳафталик нархи товарнинг бир тоннаси учун 5 276,7 минг сўмни ташкил этди.
 
Пахта ёғи бозорида ҳам барқарор ҳолат сақланмоқда. Ўтган ҳафта савдо натижаларига кўра 3 938,0 тонна пахта ёғи биржа савдоларига қўйилди ва улардан 1 512,0 тоннаси, яъни 38% сотилди. Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9 093,8 минг сўмдан 9 029,6 минг сўмгача пасайди. Биржа савдо натижаларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 9 163,2 минг сўмни ташкил этди.
 
Ўтган ҳафтада АИ-91 русумли автомобиль бензинининг бошланғич баҳоси сотувчи корхоналар томонидан бензиннинг бир тоннаси учун 6 323,5 минг сўмдан 5 698,0 минг сўмгача, яъни 10% га пасайтирилди. Бунинг натижасида ўтган ҳафта давомида бензиннинг биржада шаклланган нархи мос тарзда 10% га пасайиб, товарнинг бир тоннаси учун 5 702,0 минг сўмни ташкил этди. АИ-91 русумли автомобиль бензинининг ўртача ҳафталик нархи эса аввалги ҳафтага нисбатан 8% га пасайди ва 5 852,4 минг сўмни ташкил этди. Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1350 литрни ташкил қилади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 8934