Ўтган ҳафта давомида, яъни 23-27 март кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ очиқ биржа савдолари орқали жами 811,6 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги савдо ҳафтасига нисбатан 12,6% га камдир.
Биржа савдолари белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ штат режимида амалга оширилмоқда. Мижозларнинг масофадан, яъни уйдан чиқмасдан, брокерлар ёрдамида электрон биржа савдоларида иштирок этишлари таъминланган. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйиб боришмоқда.
Хусусан, ўтган ҳафтада биржа савдоларига 39 519,0 тонна буғдой унининг 1-нави қўйилди ва уларнинг деярли барчаси сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 7 900 тоннани ташкил этди. Савдоларда бир кунда ўртача 3 447 та харидорлар эркин тарзда иштирок этишди.
Ўтган ҳафта мобайнида уннинг 1-нави бўйича биржада шаклланган нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 498,5 минг сўмдан 2 493,7 минг сўмгача пасайди. Уннинг ҳафталик котировкаси деярли ўзгармади ва маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 494,0 минг сўмни ташкил эди.
Биржа бозордаги таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли шакарнинг ўртача ҳафталик нархи унинг бошланғич баҳоси даражасида сақланди ва товарнинг бир тоннаси учун 5 360,3 минг сўмни ташкил этди.
Пахта ёғи бозорида ҳам барқарор ҳолат сақланмоқда. Ўтган ҳафта савдо натижаларига кўра 4 065,0 тонна пахта ёғи биржа савдоларига қўйилди ва улардан 1 681,0 тоннаси, яъни 41,3% сотилди. Ҳафта якунига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси бироз пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 965,4 минг сўмни ташкил этди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 6194