Ўтган ҳафтада биржада уннинг нархи 2,1% га пасайди | Новости

24 Мар 2020
Ўтган ҳафта давомида, яъни 16-20 март кунлари "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" АЖ очиқ биржа савдолари орқали жами 928,9 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги савдо ҳафтасига нисбатан 9% га камдир.
 
Биржа савдолари белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйиб боришмоқда.
 
Ўтган ҳафтада биржанинг ун бозорида таклиф даражасини кўтарилиши, ўз навбатида, унинг нархлар динамикасига ижобий таъсир кўрсатди. Хусусан, ўтган ҳафта мобайнида уннинг 1-нави бўйича биржада шаклланган нархи 2,1% га пасайиб, 20 март куни маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 498,8 минг сўмни, ҳафталик котировкаси эса 2 494,0 минг сўмни ташкил этди.
 
Шакарнинг таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли шакарнинг нархи бошланғич нархга нисбатан деярли ўзгармади ва унинг ҳафталик котировкаси товарнинг бир тоннаси учун 5 360,3 минг сўмни ташкил этди.
 
Барқарор ҳолат биржанинг пахта ёғи бозорида ҳам кузатилди. Ўтган ҳафта давомида ўтказилган савдолар натижасида пахта ёғининг ўртача нархи ҳафта охирида 3,5% пасайиб, бир тоннаси учун – 8 852,3 минг сўмни ташкил этди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 5592