Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сон қарорида баён этилган.
Қарорда товар-хом ашё биржалари томонидан ташкил этилаётган биржа ва электрон савдоларда шаффофлик даражасини ошириш, электрон савдолар жараёнига аралашишга йўл қўймаслик мақсад қилинган.
Қарор билан биржа савдолари механизмларини такомиллаштириш ва “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича инновацион IT-технологияларни жорий этиш, товар бозорларига таъсир этувчи омилларни таҳлил этиш ишларини ташкил этиш, электрон тижоратни жадал ривожлантириш, шунингдек замонавий HR-менежмент услубларини жорий этишга қаратилган Чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.
Шунингдек, қарорга кўра 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб биржа савдолари тизимида янгича тартиблар ўрнатилади, яъни:
- биржа савдолари товар сегментлари бўйича алоҳида секцияларда ўтказилади;
- брокерлик ўринлари биржанинг расмий веб-сайти орқали тақдим этилади;
- брокерларнинг биржа савдоси қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича малака даражаси ҳар 3 йилда мунтазам аниқланиб борилади.
Шунингдек, бундан буён биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш ушбу қарор билан тасдиқланган янгича тартиб асосида амалга оширилади.
Бунда, юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали экспортга сотиш ҳам назарда тутилган.
Амалиётга киритилаётган муҳим янгиликлардан яна бири биржа савдоларига “форвард” савдо турининг кенг жорий этилишидир. Бунда, биржада тузиладиган битимлар бўйича маҳсулотларни бир ойдан ортиқ муддатда кечиктирган ҳолда етказиб бериш имкониятлари яратилади.
Қарорда биржа соҳасини етук ва замонавий фикрлайдиган ёш мутахассислар билан таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида “Биржа иши” магистратура йўналишларини очиш ҳам белгиланди.
Мазкур қарорнинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖ расмий вебсайтининг Меъёрий-ҳуқуқий актлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 7221