Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси (ЎзРТХБ) кўргазма-ярмарка савдоси электрон тизимини янгилаш ва такомиллаштириш ишларини тўла якунлади. Кўргазма-ярмарка савдолари электрон тижоратнинг B2B модели бўлиб, мазкур лойиҳа биржа томонидан 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширилган дастлабки йирик лойиҳа ҳисобланади.
Айни пайтда биржанинг мутлақо янгиланган савдо тизими yarmarka.uzex.uz вебсайтида тўла ишлашни бошлаган. Тадбиркорлар мазкур тизимда онлайн тарзда индивидуал ўзига хос хусусиятларга эга исталган турдаги товар ва хизматларни эркин сотишлари ёки сотиб олишлари мумкин. Шу жумладан сотувда қурилиш моллари, эҳтиёт қисмлар, истеъмол маҳсулотлари, хўжалик товарлар, компьютер ускуналари ва бошқа товарлар мавжуд.
Янгиланган кўргазма-ярмарка савдолари бир қатор янгилик ва қулайликларга эга. Электрон тизимда илк бор ягона клиринг тизими орқали тузилаётган битим мажбуриятларининг бажарилишини кафолатлаш механизми жорий этилди. Бунда сотувчи ва харидор биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига гаров маблағини киритади ва ушбу маблағ томонлардан бири тузилган шартнома мажбуриятларини бажармаган тақдирда, иккинчи томонга жарима сифатида ўтказилади. Бу ўз навбатида томонларнинг шартномавий интизомини мустаҳкамлайди ва тадбиркорларда дебиторлик қарзларни шаклланишини олдини олади.
Янги тизимда шунингдек нархларни сўраш механизмидан ҳам фойдаланса бўлади. Унга кўра харидор сотувга қўйилган товарни танлаши ва тизимда худди шундай товар учун бошқа сотувчиларнинг бошланғич нархдан арзонроқ нарх таклифларини олиши мумкин.
Савдолар шунингдек рақобатли ёки рақобатсиз шаклларда ҳам ўтказилиши мумкин. Рақобатли савдолар бошланғич нархни оширишга қаратилган аукцион шаклида ўтказилади. Энг юқори нарх таклиф қилган харидор савдо ғолиби сифатида эътироф этилади. Рақобатсиз савдоларида эса сотувчи томонидан савдога қўйилган товарга харидор томонидан нарх берилиши биланоқ шартнома тузилади. Тузилган шартномалар бўйича келиб чиққан низолар биржанинг Арбитраж комиссия томонидан кўриб чиқиш имкони мавжуд.
Кўргазма-ярмарка савдоларининг бошқа афзалликларига уларни онлайн савдоларда воситачиларсиз, яъни тўғридан-тўғри иштирок этиш, савдо операцияларни паст транзакцион харажатлар ва тезкорлик билан амалга ошириш, ҳамда кенг қамровли мижозлар базаси киради. Онлайн савдоларда иштирок этиш учун электрон рақамли имзога эга бўлишнинг ўзи кифоя.
Вебсайтнинг бета-версияси ишга туширилган пайтдан бошлаб, яъни жорий йилнинг январь ойинининг бошидан буён биржанинг янги кўргазма-ярмарка савдо тизимида 319,0 млрд сўмлик битимлар тузилди. Улардан 41,3 млрд сўмлик битимлар, яъни 13% кафолатланган, қолган қисми эса кафолатланмаган битим турларига тўғри келмоқда.
Янгиланган кўргазма-ярмарка савдолари барча савдо иштирокчилари учун, биринчи навбатда, тадбиркорларимиз учун электрон тижорат соҳасида кенг имкониятларни очиб беради.
Шу билан бирга 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” да амалга оширилиши кутилаётган навбатдаги лойиҳа сифатида давлат харидлари бўйича электрон танлов ва тендер тизимини ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 7460