16 март куни "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" АЖ очиқ биржа савдолари орқали жами 209,7 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги савдо кунига нисбатан 1,3% га камдир.
Кечаги биржа савдолари белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди.
Шу жумладан, биржа савдоларига 6 955 тонна буғдой унининг 1-нави қўйилди ва улардан 6 928,7 тоннаси, яъни 99,6% сотилди. Савдоларда 42 та сотувчи корхоналар ва 1 240 та харидорлар эркин тарзда иштирок этишди.
Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра уннинг 1-нави бўйича биржада шаклланган нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 551,5 минг сўмни ташкил этди. Уннинг минимал нархи Тошкент вилоятида – 2 360,6 минг сўм, максимал даражаси эса Самарқанд вилоятида – 2 736,3 минг сўм атрофида қайд этилди. Нархлардаги тафовутлар биржа шартномаларнинг таснифлари, жумладан етказиб бериш шартлари ва товар хусусиятлари билан боғлиқ бўлди.
Биржанинг шакар бозорида жорий йилнинг бошидан буён ўрнатилган ўзгаришсиз ҳолат сақланмоқда. 16 мартда жами 2 000 тонна шакар биржа савдоларига қўйилди ва улардан 497,0 тоннаси, яъни 24,8% сотилди. Сотилган маҳсулотнинг умумий қиймати 2 664,2 млн сўмни ташкил этди.
Таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли шакарнинг нархи аввалги кунга нисбатан деярли ўзгармади ва бошланғич нарх даражасида қайд этилди. Хусусан, шакар бўйича шаклланган биржа котировкаси товарнинг бир тоннаси учун 5 360,6 минг сўмни, унинг бошланғич нархи эса – 5360,0 минг сўмни ташкил этди.
Шунга ўхшаш ҳолатлар биржанинг пахта ёғи бозорида ҳам кузатилди. 16 март савдо натижаларига кўра 986,6 тонна пахта ёғи биржа савдоларига қўйилди ва улардан 458,0 тоннаси, яъни 46,4% сотилди. Очиқ биржа савдоларида 950 дан зиёд харидорлар иштирок этишди. Пахта ёғининг ўртача нархи маҳсулотнинг бошланғич нархига нисбатан 0,7% ўсиб, бир тоннаси учун – 9 173,8 минг сўмни ташкил этди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 7071