13 март куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раҳбарияти ва мутахассислари Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 268-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад ёш авлод вакилларини замонавий савдо технологиялари билан таништириш, уларга ахборот технологиялари асосида ўтказиладиган биржа савдолари ва электрон тижоратнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.
Тадбир бошида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов сўзга чиқиб, мактаб ўқувчиларни кириб келаётган янгиланиш баҳор айёми – Наврўз байрами билан табриклади.
Таъкидлаб ўтилганидек, 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” да ёшларимизни илғор замонавий ахборот-коммуникация, интернет ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги билим савиясини оширишга алоҳида урғу берилмоқда. Биржа савдолари ва электрон тижорат эса рақамли иқтисодиётнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Давра суҳбати давомида 8-11 синф ўқувчилари учун очиқ мулоқот шаклида қизиқарли тақдимотлар, амалий машғулотлар ва мастер-класслар ўтказилди.
Хусусан, ўқувчилар катта қизиқиш билан биржа ходимлари томонидан уюштирилган синов “аукционлари”да буюртмачи ва етказиб берувчилар сифатида иштирок этдилар. Бундан ташқари, ахборот технологиялари, Интернет ва электрон бизнес асослари бўйича мусобақалар ўтказилиб, танлов ғолибларига эсдалик совғалар берилди.
Учрашув давомида ўқувчилар ахборот технологияларининг давлат бошқаруви ва жамият хаётида тутган ўрни, электрон савдолар ва онлайн-аукционларни ўтказиш тартиблари, уларнинг афзаллик жиҳатларига оид керакли маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбир якунида ўқувчилар мавзуга доир маълумотларни қизиқарли ва фойдали эканлигини таъкидлаб ўтдилар, ҳамда ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоблар олидилар.
Шунга ўхшаш тадбирлар, шунингдек, Тошкент шаҳри Сергели туманинг 269 ва 277-сонли умумтаълим мактабларида ҳам ўтказилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 5682