“ЎзРТХБ” АЖ Урганчда матбуот-анжумани ўтказди | Новости

28 Фев 2020
2020 йил 28 февралда Урганч шаҳрида “Товар бозорларида шаффофлик ва самарадорликни таъминлашда биржа механизмининг тутган ўрни ва аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Хоразм филиали ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси анжуман ташкилотчилари бўлди.
 
Анжуманда,  шунингдек, вилоят Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари, давлат харидларининг буюртмачилари ва товар етказиб берувчилари, тадбиркорлар, ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад товар ресурсларини биржа савдолари орқали сотишнинг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари ҳамда соҳада яқинда қабул қилинган ҳукумат қарорларининг мазмун-мохиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш иборат бўлди.
 
Матбуот-анжуманида таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг товар бозорларида бозор механизмларни кенг жорий этиш, шаффофликни таъминлаш ва соф рақобатни ривожлантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, 2019 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товар-хом ашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4484-сон қарори қабул қилинган эди.
Мазкур қарорни ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Шу жумладан, 2020 йил 1 январидан 38 та юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни фақат очиқ биржа савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилди ва бунда бозор тамойиллари тўла қўлланилиши таъминланди. Натижада 2020 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали 6,4 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 29 фоизга кўпдир.
 
Мазкур товар ресурсларини очиқ биржа савдолари орқали сотилиши боис харидорлар, биринчи ўринда тадбиркорларнинг улардан эркин фойдаланиши сезиларли даражада кенгайтирилди, сотувчилар эса аукционлар натижасида олинган қўшимча даромад ҳисобига ўзларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш имконига эга бўлишди. 
 
 
Ўз навбатида биржа савдолари натижасида талаб ва таклиф асосида шаклланган нархлар шаффофлик тамойилига риоя қилинган ҳолда мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали кенг эълон қилиниб борилмоқда.
 
Шунингдек монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларнинг бир қисми фақат биржа савдолари орқали экспорт қилина бошлади. Айни пайтда экспортга пахта толаси, суюлтирилган газ, нефть маҳсулотлари, полиэтилен ва полипропилен каби маҳсулотлар биржа савдолари орқали сотилмоқда.
 
Биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулот тўғрисида маълумотлар биржанинг расмий вебсайтига жойлаштирилиши учун махсус дастурлар ва шахсий кабинетлар ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
 
Биржанинг вебсайтида, шунингдек, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларини биржа савдоларига қўйиш жадваллари ҳам мунтазам равишда жойлаштирилмоқда. Товарларни биржа савдоларига мазкур жадвалларга мувофиқ сотувчи корхоналар томонидан қўйилиши эса Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назорат қилинмоқда.
 
 
 
Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси Хоразм филиалининг биржа савдоларида умумий ҳажми 105,8 млрд сўмлик битимлар тузилди, бу 2019 йилнинг январь-февраль ойига нисбатан 12 фоизга кўпдир. Вилоятда мижозларга биржа филиалидан ташқари 16 та савдо майдончалари, 60 та брокерлик идоралари ва 110 дан зиёд трейдерлар муваффақиятли хизмат кўрсатиб келмоқда.
 
Истиқболда биржа савдо платформаларининг замонавий шаклларини ишлаб чиқиш, биржа савдосининг маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, товарлар сегментлари бўйича савдоларни алоҳида секцияларда ташкил этиш, биржа аъзолари рейтингини аниқлаш тизимини ишлаб чиқиш, ҳамда мижозларнинг шахсий кабинетларини такомиллаштириш режалаштирилган.
 
Бундан ташқари, кўргазма ярмарка савдо платформасида битимлар ижросини кафолатлаш тизими жорий этилмоқда ҳамда биржанинг бошқа электрон савдо тизимлари ҳам босқичма-босқич янгиланиб боради.
 
Тадбир якунида анжуман иштирокчилари мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар, ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 6600