2020 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисига Беларусь Республикасининг делегацияси ташриф буюрди.
Мазкур ташриф 2020 йил 25-26 февраль кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалик вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг кўмагида «Продукт.BY» Белоруссия компанияси томонидан ўтказилаётган Беларусь-Ўзбекистон аграр форуми доирасида ташкиллаштирилди.
Делегация таркиби аграр форуми иштирокчилари, жумладан, Беларусь Республикасининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги, озиқ-овқат ва қайта ишлаб чиқарувчи йирик холдинглар, комбинатлар, фабрикалар ва заводларнинг директорлари, маркетологлари ва етакчи мутахассисларидан иборат бўлди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад меҳмонларни Ўзбекистондаги биржа фаолияти билан яқиндан таништириш, ҳамда Беларусь тадбиркорлари ва Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг брокерлари ва бошқа вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш эди.
Учрашув аввалида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти Бошқарув раисининг ўринбосари Исломбек Иброгимов меҳмонларни илиқ кутиб олиб, Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармонлари электрон биржа савдоси механизмлари ёрдамида икки мамлакат товар бозорларидан янада кенгроқ фойдаланишлари учун манфаатли ва самарали ҳамкорликка катта умид билдирди.
Учрашув давомида биржага ташриф буюрганлар учун UZEX биржасининг фаолияти тўғрисидаги презентацион видеоролик намойиш этилди. Хусусан, улар маҳаллий биржани ташкил топиши ва ривожланиш тарихи, унда сотиладиган товар активлари, ҳамда биржанинг замонавий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
Биржа ходимлари UZEX ҳар бир савдо платформасининг ўзига хос хусусиятлари ва хорижий савдо майдончаларининг ишлаш механизмлари батафсил очиб берилди. Ташриф буюрганлар биржа савдолари жараёнини бевосита савдо залида реал вақт тарзида кузатиш имконига эга бўлдилар.
Тадбир давомида, меҳмонлар электрон савдоларда Беларусь компанияларининг иштирок этиш масалалари, шу жумладан хорижий мижозларни аккредитация ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб палатаси орқали ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.
Ўз навбатида меҳмонлар UZEX биржаси фаолиятига юқори баҳо бердилар ва учрашув якунида келажакда ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликка тайёрлигини билдирдилар.
Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"
Курилди: 10620