Жорий йил 13 февралда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари – Товар бозорларини таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш маркази директори Набихон Саматов жойларда аҳоли ўртасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятида очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказди. Тадбирда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг Сурхондарё вилояти филиали раҳбарияти, мутахассислари ва брокерлари ҳам иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Набихон Саматов биржа савдолари ва биржа мижозларига яратилаётган шароитларга оид қабул қилинган ҳукумат қарорларининг мазмун ва моҳиятини батафсил тушунтириб берди.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Товар-хом ашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4484-сон қарори билан биржа аъзолари ва мижозларига тақдим этилган имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу жумладан очиқ биржа савдолари орқали сотилаётган товарларнинг рўйхати кенгайтирилганлиги, бу эса тадбиркорларни юқори ликвидли ва монопол турдаги товарлардан эркин фойдаланиш имкони ошганлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, бугунги кунда биржа савдо платформаларининг янги замонавий шакллари устида ишлар олиб борилаётганлиги, кўргазма ярмарка савдо платформасини кафолатли тизимга ўтказилиши ва бошқа савдо тизимлари ҳам босқичма-босқич янгиланиб борилиши таъкидланди. Шу билан бир қаторда электрон давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий тадбиркорлар иштирокида амалга оширилиши йўлга қўйилганлиги ҳам қайд этилди.
Тадбирда қатнашган фуқаролар, тадбиркорлар ва биржа аъзолари биржа раҳбарлари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга ва муаммоларни бартараф этишга оид жавоб олдилар. Хусусан, тадбиркорларнинг биржа ва кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидларида иштирок этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, биржа мижозларига сифатли хизмат кўрсатиш, биржа савдолари шаффофлигини ошириш ва мижозларнинг шахсий кабинетларини такомиллаштириш, интерактив хизматлар сонини кўпайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 7628