2020 йил 4 декабрда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан юртимизда илк марта ўтказилаётган кенг кўламли “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” ва оммавий ахборот воситалари учун Пресс-тур бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда ташкиллаштирилди.
Тадбирда, шунингдек, фуқаролар, тадбиркорлар, товар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар, кенг жамоатчик вакиллари ҳамда блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад биржа фаолияти билан таништириш, унинг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, биржа фаолиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганишдан иборат бўлди.
“Очиқ эшиклар куни”ни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари Зулфиддин Камолов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда биржа савдолари бўйича очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чоралар ҳамда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда биржанинг тутган ўрнига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси балки, хуфиёна иқтисодиёт ва коррупция элементларини бартараф этишнинг самарали воситаси ҳам ҳисобланади. Бунда шаффофлик ва ошкоралик замонавий IT-технологиялар ёрдамида биржанинг барча савдо тизимларида, биржа савдолари ва онлайн-аукционларнинг ҳар бир босқичида таъминланади.
Мисол учун, биржа савдоларида савдо иштирокчилари биржа савдоларига қўйиладиган товарлар тўғрисида батафсил маълумотларни биржанинг uzex.uz вебсайтида билиб олишлари мумкин. Биржа савдолари жараёнида брокерлар ва уларнинг мижозлари бозордаги ҳолатдан хабардор бўлишади. Электрон савдолар якунлангандан сўнг эса товарлар учун котировкалар (биржа нархлари) биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Давлат харидлари йўналишида шаффофлик xarid.uz махсус ахборот портали орқали таъминланади. Мазкур порталда давлат харидлари тўғрисида барча маълумотлар, шу жумладан ўтказилган давлат харидларининг натижалари жойлаштирилади ҳамда давлат харидлари бўйича онлайн-савдолар ўтказилади. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси эса ушбу порталнинг оператори ҳисобланади.
Худди шундай шаффофлик биржанинг бошқа савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари (yarmarka.uzex.uz), авторақам (avtoraqam.uzex.uz) ва мобиль рақамлар (mobilraqam.uzex.uz)нинг онлайн аукционларида ҳам таъминланади.
Тадбир мобайнида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тўғрисида видеоролик намойиш этилди ва тақдимотлар ўтказилди. Тақдимотларда биржанинг савдо платформалари, савдо механизмлари ва биржада қўлланилаётган антикоррупция чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Хусусан, Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тасдиқланган 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан бажарилмоқда.
Шу жумладан, биржа фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш ва такомиллаштириш мақсадида @uzexanticorruptionbot аноним Telegram-боти ишга туширилди.
Мазкур бот орқали фойдаланувчилар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги юзасидан ўзларининг аноним хабарларини юборишлари мумкин. Бунда юборилган хабарларнинг муаллифи тўғрисида маълумотлар, шу жумладан унинг исми (тахаллуси), телефон рақами ва бошқа шахсий маълумотлари ошкор этилмайди, яъни уларнинг маҳфийлиги тўла таъминланади.
Ўз навбатида @uzexanticorruptionbot Telegram-ботига келиб тушган хабарлар бўйича коррупция ҳолатлари ҳақиқатга мос келиши юзасидан ички текширув ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, биржанинг электрон ва онлайн-савдолари бўйича маълумотларни идоралараро алмашинув базалари ишлаб чиқилди. Масалан, биржа савдоларига маҳсулотлар қўйилиши ва савдо жараёнларини назорат қилиш ҳамда нархларни сунъий оширилиши ва манипуляция қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси учун алоҳида электрон шахсий кабинет очилди.
Давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва самарадорликни янада ошириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар тўғрисидаги ягона реестр ва корпоратив буюртмачиларнинг ягона рўйхати шакллантирилди. Бу, ўз навбатида, давлат харидларини қонунчилик талабларига зид равишда амалга оширилишини чеклайди.
Бундан ташқари, махсус ишчи гуруҳи томонидан биржа ходимларини коррупцияга қарши курашиш соҳасида назарий ва амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув семинарлар ўтказилди. Биржа соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича буклетлар ишлаб чиқилди ва тарқатилди.
Яқин келажакда “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида биржада коррупцияга қарши курашиш ишларини кучайтириш режалаштирилган. Шунингдек, давлат харидлари бўйича янгиланган махсус ахборот порталининг жорий этилиши ҳамда мижозларнинг электрон савдоларда иштирок этишларини янада соддалаштирилиши кутилмоқда.
Тадбир давомида биржа мутахассислари журналистлар ва бошқа тадбир иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб қайтаришди.
Маълумот учун: 2020 йил 11 ойлик якунларига кўра биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 23% га ўсиб, 48,1 трлн сўмни ташкил этди.
Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz да 3,7 трлн сўмлик битимлар тузилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 11% га ўсиб, 804,9 млрд сўмни ташкил қилди.
2020 йил январь-ноябрь ойларида avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукционлар орқали 240,1 млрд сўмлик 93,9 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,9 маротабага, ҳажми бўйича – 70% га ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,5 млн сўмни ташкил этган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 7473