Йил оҳирига келиб онлайн-аукционларда 262,6 млрд сўмлик авторақамлар сотилди | Новости

30 Дек 2020

2020 йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 262,6 млрд сўмлик 106 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,6 маротабага, ҳажми бўйича – 71,2% га ўсди.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 92,3% жисмоний шахслар, 7,7% - юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 206,7 млн сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 30% биринчи тоифадаги авторақамлар, 33,5% – иккинчи, 19,3% – учинчи, 5,9% – тўртинчи,  5,4% –бешинчи ва 5,9% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45,2%) Фарғона (8,2%), Самарқанд (8,1%) ва Наманган (6,0%) вилоятларида харид қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июндаги 350-сонли қарори билан жорий йилда аукцион савдолари орқали қўшимча 271 та жуфт авторақамлар ҳам сотилиши белгиланди. Мазкур қарор кучга кириши билан жорий йилда онлайн-аукционлар орқали ҳар ойда сотиладиган авторақамларнинг ўртача сони 2 700 дан 14 000 гача ошган.

Шунингдек, аукцион иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилда “Avtoraqam” мобиль иловаси янги кўринишда ишга туширилди. Иловага савдо иштирокчисини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва авторақам бўйича тўловларни амалга ошириш янги функциялари қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 6020