Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ биржа савдоларининг шаффофлигини таъминлаш, нархларнинг ўсиши ва тузилган битимларни жаримасиз бекор қилиш хусусида турлича фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, https://t.me/tentakminds/2372 телеграм каналида “Яна биржадаги ўйинлар” номли мақола чоп этилган.
Ушбу фикрларга кўра айрим товарларни биржа савдоларига қўйилишида эълоннинг 1 кун аввал берилиши нархларнинг манипуляциясига олиб келади, тузилган битимларни бекор қилиниши ва бажарилиши бўйича келиб чиққан низоларни кўриб чиқиш тартиби фақатгина сотувчи-корхоналарнинг манфаатларига хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган фикр-мулоҳазаларда биржадаги маълум бир товарни сотилишида нархларни манипуляцияси, ғайриқонуний харакатлар ёки бошқа салбий оқибатларни келтириб чиқарган бирон бир аниқ мисол ёки факт келтирилмаган.
Шу муносабат билан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Биринчидан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ўзининг фаолияти давомида шаффофлик ва ошкорлик тамойилларига тўла риоя қилади.
Биржа савдо иштирокчилари ёки исталган шахс биржа савдоларига қўйиладиган товарлар тўғрисида батафсил маълумотларга биржанинг uzex.uz расмий вебсайти орқали эга бўлиши мумкин. Бунинг учун биржа вебсайтининг “Товарларни савдоларга қўйиш жадваллари” (http://uzex.uz/uz/pages/market-tables) бўлимига ташриф буюришнинг ўзи кифоя. Вебсайтда ҳар бир сотувчи-корхонанинг ҳар бир товари бўйича ва ойлар кесимида биржа савдоларига кунма-кун қўйладиган товар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар мавжуд.
Бундан ташқари, брокерлар биржа савдолари жараёнида бозордаги ҳолатдан тўғридан-тўғри реал вақт тарзида хабардор бўлишади. Электрон савдолар якунлангандан сўнг эса товарлар бўйича шаклланган котировкалар (биржа нархлари) биржанинг расмий вебсайти (uzex.uz), ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Шу жумладан, биржанинг «UZEX хабарлари» телевизион дастурида биржада содир бўлган сўнгги ўзгаришлар ва янгиликлар, биржа котировкалари, ўтган давр учун биржа фаолиятининг сарҳисоби, ҳамда товар сегментлари бўйича таҳлилий маълумотлар эфирга узатилади.
Давлат харидлари йўналишида шаффофлик, сўнгги пайтларда журналист ва блогерларнинг диққат марказида бўлган xarid.uz давлат харидлари махсус ахборот портали орқали таъминланади. Порталда давлат харидлари тўғрисида барча маълумотлар, шу жумладан, ўтказилган харидларнинг натижалари жойлаштирилади ҳамда давлат харидлари бўйича онлайн-савдолар ўтказилади. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси эса ушбу порталнинг оператори ҳисобланади.
Иккинчидан, биржа савдоларининг энг катта афзалликларидан бири бу тузилган битимларнинг бажарилишини Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланиши ҳисобланади. Ушбу механизм эвазига Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларнинг 96% бажарилади. Яъни 96% ҳолатларда харидорлар тузилган битим бўйича тўловларни тўла ва ўз вақтида ўтказади, сотувчилар эса маҳсулотни харидорга ўз вақтида ва тўла ҳажмда юклаб беради.
Жорий йилнинг бошидан буён биржада тузилган битимларнинг атиги 2% турли сабабларга кўра (асосан форс-мажор) жаримасиз бекор қилинган бўлса, қолган ҳолатларда сотувчи ёки харидорга жарима қўлланилган. Шу боис, биржада тузилган шартномаларни жаримасиз бекор қилиниши ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан биржадаги нархларнинг манипуляциясига олиб келмайди.
Агарда бу ҳақиқатга мос бўлганда эди, биржада мисол учун 2020 йилнинг июлида бир тоннаси 891,4 минг сўм бўлган цементнинг бугунги кундаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 596,9 минг сўмгача, яъни 33% га пасаймаган бўлар эди.
Таъкидлаш лозимки, халқаро товар биржалари, шу жумладан Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси (СПбХТХБ) ва Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ) да тузилган битимларни ўзаро келишув асосида бекор қилиш амалиёти қўлланилади.
Бунинг устига, амалдаги миллий қонунчилигимизда ҳам келишув асосида тузилган битимларни бекор қилиш аниқ кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги ўринларда-Кодекс) 1-моддасига кўра шартномавий муносабатлар шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига асосланаши қатъий белгиланган.
Кодексининг 353-моддасида шартнома тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади ҳамда 382-моддасида ва “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунга кўра шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Учинчидан, биржада қўлланиладиган битимларнинг бажарилишини кафолатлаш механизми барча томонларнинг манфаатларига хизмат қилади.
Хусусан, биржа савдоларида иштирок этмоқчи бўлган мижозлар битимнинг тахминий қийматининг 10 фоизигача бўлган миқдорида гаров маблағи (закалат)ни киритадилар. Ушбу аванс тўлови шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ҳолларда жабрланган томон фойдасига айбдор томонидан жарима сифатида ундирилади.
Ўрнатилган тартибга мувофиқ биржа битими тузилгач, харид қилинган маҳсулот бўйича тўловни ўз вақтида амалга ошириш ва уни ўз вақтида олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома харидорнинг шахсий кабинетига автоматик тарзда келиб тушади. Харидор, ўз ўрнида, биржа савдоларида харид қилган товар учун тўловларни шартномада белгиланган муддат ичида ўтказиши ва ўз вақтида бу товарни олиб кетиши зарур.
Тўловлар тўла амалга оширилмаса харидорнинг гаров маблағи сотувчи-корхонанинг шахсий ҳисобварағига автоматик тарзда ўтказилади. Чунки харидор томонидан пул маблағларини ўз вақтида ўтказмаслик қўшимча баҳс-мунозара ва низоларни келтириб чиқармайди.
Иккинчи томондан, сотиб олинган маҳсулот сотувчи-корхона томонидан ўз вақтида юкланмаса, жарима сотувчидан ундирилади.
Бироқ, маҳсулотни ўз вақтида юкламаслик ҳар доим ҳам сотувчи-корхонанинг айби билан содир бўлмайди. Мисол учун, харидор биржада сотиб олган товарни олиб кетиш учун заводга ўз вақтида келмаслиги ёки транспорт воситаси билан таъминламаслиги мумкин. Бундан ташқари, товарни юклашда харидорнинг вакилида ишончнома ёки бошқа тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлмаслиги мумкин.
Бундай баҳсли ҳолатларда ҳақиқатни аниқлаш мураккаб бўлганлиги сабабли ва жаримани нотўғри қўлланишини олдини олиш мақсадида маҳсулотни юкламаслик ҳолатлари Биржанинг ўзида масъул биржа ходимлари ва сайланган брокерлардан ташкил топган Арбитраж комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Юқоридаги маълумотларга таянган ҳолда қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча электрон ва онлайн савдолар шаффофлик тамойили асосида ўтказилади. Шу жумладан, маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш бўйича 1 ойлик жадваллари келгуси ой бошланишидан уч кун олдин биржанинг расмий вебсайтига жойлаштирилади.
2. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларни оммавий ва тизимли равишда бекор қилиниш ҳолатлари мавжуд эмас.
3. Биржада битимларни ўзаро келишув асосида бекор қилиш жаҳон амалиётида қўлланилади ва ҳуқуқий асосларга эга.
4. Биржада тузиладиган битимларда жаримасиз бекор қилинадиган шартномаларнинг улуши минимал даражада бўлганлиги сабабли бу амалиёт нархларнинг ўзгариши ёки манипуляция қилинишига сабаб бўла олмайди.
5. Биржада тузилган шартномалар бўйича маҳсулотларни юкламасликда айбдорни аниқлаш мураккаб бўлганлиги сабабли ушбу низолар биржанинг Арбитраж комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
6. Биржада тузиладиган битимларнинг бажарилишини Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатлаш механизми ҳам сотувчи, ҳам харидорнинг манфаатларига хизмат қилади.
Аслида юқоридаги масалалар Брокерлар уюшмасининг раиси Собит Содиқжонов томонидан 2020 йил 11 сентябрда www.kun.uz Интернет нашрининг “Эркин суҳбат” кўрсатувида кўтарилган эди. Интервьюда берилган барча саволларга Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг мутахассислари асосли жавоблар беришган.
Мазкур Интервью билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=1nt52mCeacU&feature=emb_logo
Шу муносабат билан ОАВ вакиллари ва блогерларни биржа савдоларига доир материалларни тайёрлаш чоғида, берилаётган маълумотларни объективлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси” АЖ PR бўлимига мурожаат қилишини сўраймиз.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 7912