Биржа орқали озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинди | Новости

23 Дек 2020

Жорий йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар хом ашё биржасининг савдо тизимлари орқали 91,3 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди.

Экспорт бўйича йирик битимлар полиэтилен (52%), нефть маҳсулотлари (13%) ва пахта толаси (12%) бўйича амалга оширилди. Сотувларнинг қолган қисмини полипропилен, суюлтирилган газ ва бошқа маҳсулотлар эгаллашди.

Биржа механизми орқали амалга оширилган экспортнинг катта ҳажми Қозоғистон – 20%, Тожикистон – 15%, Россия Федерацияси – 13% ва Туркия – 12% давлатларига тўғри келади.

Шунингдек мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда импорт шартномалари ҳам тузилди.

Хусусан ўтган даврда биржанинг хорижий савдо майдончалари ёрдамида 30,6 млн АҚШ долларик озиқ-овқат маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва нефть маҳсулотлари импорт қилинди.

Биржада талабгор озиқ-овқат маҳсулотлари импортини ошириш ва жадаллаштириш мақсадида хорижий компанияларни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди ҳамда улар савдоларда иштирок этиши учун закалат суммаси бекор қилинди ва комиссион йиғимлардан озод қилинди.

Шунингдек, жорий йилда биржанинг Россияда (3 та), Украинада (1 та), Қозоғистонда (2 та) ва Тожикистонда (1 та) янги савдо майдончалари ташкил қилиниб, 41 та хорижий компаниялар Биржа тизимида аккредитациядан ўтказилди. Натижада биржанинг хорижий савдо майдончаларини сони 14 тага етди.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда учинчи томон вакиллари ҳам биржанинг ташқи савдо тизимлари ва хорижий савдо майдончаларининг имкониятларидан фойдаланишга қизиқиш билдиришмоқда. Мисол тариқасида Қирғизистон тадбиркорлари ўзбек биржасининг Қозоғистондаги савдо майдончаси орқали маҳсулотларни харид қилишни режалаштиришмоқда.

Айни пайтда ўтказилган музокаралар натижасида Қозоғистон, Украина, Беларусь ва Россиянинг арзон нархларида буғдой, ўсимлик ёғи, шакар, мол гўшти маҳсулотлари биржа савдоларида сотилиши йўлга қўйилмоқда.

Мисол учун, Қозоғистоннинг “Дэн” компаниясидан 166,7 минг АҚШ долларлик 700 тонна буғдой маҳсулоти (1 кг. учун 2 481,7 сўм),  Беларусь давлатининг “Борисовский мясокомбинат” ОАЖ дан 116 минг АҚШ долларлик 40 тонна мол гўшти (1 кг. учун 30 238,3 сўм) биржа орқали сотилди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 4056