2020 йил 15 декабрда Украинанинг «ТК-Групп» саноат холдинги таркибига кирувчи ООО «Текстиль-контакт» ва ООО «ТК – Домашний текстиль» компаниялари билан видеоанжуман бўлиб ўтди. Музокараларнинг асосий мавзуси – Ўзбекистон Республикаси ва Украинанинг тадбиркорлик субъектлари ўртасида экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда биржа механизмларидан фойдаланиш тўғрисида бўлди.
Тадбир давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тақдимоти бўлиб ўтди, унда биржада ташқи савдо операцияларини амалга ошириш тартиби, ўзаро ҳисоб-китоб қилиш механизмлари ва тузилган битимларнинг бажарилиши кафолатларини таъминлаш тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Барча биржа операциялари шаффофлик, ошкоралик ва мижозларнинг савдода қатнашиши учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётгани таъкидланди. Биржа савдоларини ўтказиш қоидаларига асосланиб барча савдо иштирокчилари республика резиденти ёки норезидентининг мақомидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.
Украина енгил саноатининг вакиллари Ўзбекистоннинг пахта ва полимер маҳсулотларини сотиб олиш бўйича ўзбек ишлаб чиқарувчилари билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари ва онлайн-аукционлари орқали ташкил этилган ишларга қизиқиш билдирдилар.
Тадбир натижасида Украина тўқимачилик саноати – ишлаб чиқарувчи корхоналарини аккредитация қилиш ва иштирокини таъминлаш ҳамда «ЎзРТХБ» АЖнинг биржа савдолари орқали маҳсулот экспорти тўғрисида келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси делегациясининг Украинага ташрифи бўлиб ўтди, унинг давомида Украина компаниялари билан бир қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланган эди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4781