2020 йил 5-6 ноябрь кунлари видеоконференция шаклида давлат харидлари соҳасида фаолият юритаётган масъул ходимлар учун “Давлат харидларининг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш” мавзусида вебинар ўтказилди.
Мазкур вебинар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.
Вебинарда, шунингдек, 50 га яқин вазирлик ва идоралар ходимлари, Давлат харидлари махсус ахборот порталининг оператори – “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ, Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўқув маркази, бюджет ташкилотларининг масъул ходимлари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Вебинардан кўзланган асосий мақсад – Давлат харидлари соҳасида аниқланган хато ва камчиликларни келгусида олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, амалдаги қонунчилик ва илғор хорижий тажриба асосида давлат харидлари самарадорлигини ошириш бўйича аниқ тавсиялар ва таклифларни ишлаб чиқиш, уларни самарали ҳал қилиш йўлларини излаш.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарлари кириш сўзлари билан очиб бердилар.
Таъкидланганидек, давлат харидлари бюджет харажатларининг аҳамиятли таркибий қисмларидан бири сифатида иқтисодиёт бошқарувида муҳим вазифани бажаради. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари каби, Ўзбекистон ҳам давлат харидлари тизимини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътиборни қаратиб келмоқда. Шу жумладан, давлат харидларининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шу мақсадда 2018 йилда Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz ишга туширилган, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси эса ушбу порталнинг оператори этиб тайинланган. Ўтган даврда, давлат харидларини электрон шаклда ўтказилиши натижасида бир қатор натижаларга эришилган.
Яъни, Давлат харидлари махсус ахборот порталида электрон савдолар орқали 2019 йилда 3,8 трлн сўмлик 703 мингта битимлар тузилган бўлиб 805,8 млрд сўмлик маблағлар иқтисод қилинди.
2020 йил январь-сентябрь ойлари давомида 2,8 трлн сўмлик 509 мингта битимлар тузилиб 607 млрд сўм маблағ иқтисод қилинди (бошланғич нархга нисбатан 17,9%).
Шу билан бирга, биржа томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан доимий равишда назорат олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан хамкорликда биржа 2019-2020 йилларда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлар ижроси юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида буюртмачилар томонидан давлат харидларини рақобатга асосланган усулларидан четлаб ўтиш ва ўрнатилган чекланган миқдорларга риоя қилмаслик, аукцион ўтказиш талабларини бузиш ҳолатлари, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига маълумотларни тўлиқ ва ўз вақтида жойлаштирмаслик, тўғридан-тўғри шартномалар тузишда хатоликлар, рақобатни чекловчи шартларини қўйиш ва бошқа камчиликлар аниқланди.
Шунингдек, давлат харидлари тизимида товар, иш ва хизматларнинг мукаммал таснифининг мавжуд эмаслиги, давлат харидларини электрон савдо платформаларида ўтказилиш тартиби ва мезонларининг мураккаблиги ҳам муайян ноқулайликларни туғдириши кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ҳисоб палатаси билан биргаликда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг дастурий таъминотини такомиллаштириш, давлат харидларига оид тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, махсус-ахборот портали оператори ва буюртмачиларнинг ҳуқуқий жавобгарлигини ошириш, давлат харидларини амалга оширишнинг назорат ва мониторингини кучайтириш каби таклифлар ишлаб чиқилган.
Берилган таклифлар ва кўрсатмалар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан биргаликда бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди.
Давлат харидларининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида электрон танлов ва тендер савдо тизими etender.uzex.uz ишлаб чиқилди ва амалиётда жорий этилди.
Давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш учун электрон дўконда қўшимча саҳифалар яратилди. Давлат буюртмачилари ушбу саҳифадан фойдаланган ҳолда ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига кўшимча вақт ва пул маблағларини тежашлари, маҳаллий тадбиркорлар эса ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларида кенгроқ иштирок этишлари мумкин.
Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталини такомиллаштириш ишлари ҳам амалга оширилди. Хусусан, Ҳисоб палатаси кўрсатмасига асосан электрон дўкон ва унинг қўшимча саҳифасида амалга ошириладиган харидлар бўйича дастурий таъминотга тегишли миқдорий чекловлар ўрнатилди.
Шунингдек, стратегик корхоналар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли орқали харидларни амалга оширишлари учун порталга эълон жойлаштириш имконияти яратилиб берилди.
Соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Ҳисоб палатаси кўрсатмасига асосан Солиқ қўмитаси билан маълумот алмашинувини йўлга қўйилиши ҳам режалаштирилган.
Айни пайтда, Молия вазирлиги биржа билан биргаликда давлат харидлари бўйича барча савдо майдончаларини махсус ахборот порталига бирлаштириш ишларини олиб бормоқда ҳамда давлат буюртмачиларининг харидлар бўйича масъул ходимлари учун махсус ўқув семинар курслари ўтказилмоқда.
Яқин келажакда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг янги тахририни қабул қилиниши, давлат харидлари бўйича янгиланган махсус ахборот порталининг жорий этилиши ҳамда электрон савдоларда иштирок этишнинг янада соддалаштирилиши кутилмоқда.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 5118