2020 йил 25 ноябрда Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамияти (ЎзРТХБ) томонидан оммавий ахборот воситалари учун “Электрон тижорат соҳасида амалга оширилган янги лойиҳалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан электрон тижорат соҳасида жорий этилган янги хизмат ва ишланмалар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор этишдан иборат бўлди.
Таъкидланганидек, 2020 йил мобайнида коронавирус пандемияси билан боғлиқ ноқулайликлар ва чекловларга қарамасдан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси асосий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича ўсишни намойиш этиш билан бирга янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни жорий этишга муваффақ бўлди.
Умуман олганда, 2020 йил 10 ойлик якунларига кўра биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 22,4% га ўсиб, 43,2 трлн сўмни ташкил этди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 87% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келган.
Кўриб чиқилаётган даврда давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz да 3,2 трлн сўмлик битимлар тузилди, бу 2019 йилнинг 10 ойига нисбатан 5,8% га кўпдир. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 11,1% га ўсиб, 693,0 млрд сўмни ташкил қилди.
Жорий йилнинг бошида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидаги электрон дўкон савдо майдончасида буюртмачилар томонидан давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш имкониятини берувчи milliydokon.uzex.uz (emilliydokon.uzex.uz) қўшимча саҳифаси ишга туширилган.
Хусусан давлат буюртмачилари ушбу саҳифадан фойдаланган ҳолда ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига кўшимча вақт ва пул маблағларини тежашлари, маҳаллий тадбиркорлар эса ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларида кенгроқ иштирок этишлари мумкин.
Жорий йилнинг май ойида давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz янги савдо тизими ишга туширилди. Мазкур тизим танлов ва тендерларни электрон шаклда амалга ошириш имконини беради.
Айни пайтда мазкур тизимда 156,3 млрд сўмлик 513 та битим тузилган. Электрон танловлар ва тендерларда 145 та давлат буюртмачилари ва 500 дан зиёд иштирокчилар, яъни товар етказиб берувчилар қатнашган.
Биржа савдолари ва давлат харидлари тизимида ахборот хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш мақсадида электрон рақамли имзо орқали амалга оширилаётган операцияларни ихтиёрий равишгда СМС код билан тасдиқлаш имконияти яратилди. Бу операцияларга тузилган шартнома бўйича тўлиқ тўловни амалга ошириш ва унинг бажариш муддатларини узайтириш каби амаллар киради.
Коронавирус пандемияси шароитида электрон тижоратнинг B2B сегментида ҳам ўсиш кузатилди. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойида биржанинг yarmarka.uzex.uz вебсайтида кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми 2,0 трлн сўмни, ўсиш эса 61% ни ташкил қилди.
Жорий йилда мазкур тизим мижозларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, сезиларли даражада модернизация қилинди. Яъни, савдо иштирокчиларининг шартномавий интизомини мустаҳкамлаш мақсадида, ушбу савдо тизимида тузилган битимлар ижросини ҳисоб-китоб клиринги палатаси орқали кафолатлаш механизми илк бор жорий этилди.
Бир вақтнинг ўзида, ушбу савдо тизимининг мобиль иловаси ҳам жорий этилди. Унда yarmarka.uzex.uz вебсайтининг барча функциялари ҳавола этилган.
Жорий йилнинг яна бир янгиликларидан бири – биржанинг логистика портали transport.uzex.uz да махсус электрон савдо тизимининг ишга туширилганлиги бўлди. Биржанинг янги электрон савдо платформаси товарларни, шу жумладан биржада сотилган юқори ликвидли маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича логистик хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.
Шунингдек, биржада электрон ҳужжат айланмаси бўйича exdoc.uz янги хизмат тури ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Электрон ҳисоб-фактура хизматидан нафақат биржа савдо иштирокчилари, балки бошқа корхона ва ташкилотлар ҳам фойдаланишлари мумкин.
2020 йилнинг 10 ойида avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукционлар орқали 218,8 млрд сўмлик 80,5 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,6 маротабага, ҳажми бўйича – 71,2% га ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,6 млн сўмни ташкил этган. Бунда, сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 186,2 млн сўмни ташкил қилди.
Яқинда “Avtoraqam” мобиль иловаси янги кўринишда ишга туширилиб, унга савдо иштирокчисини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва авторақам бўйича тўловларни амалга ошириш функциялари қўшилди. Киритилган янгиликлар фойдаланувчилар учун мобиль илова ёрдамида биржанинг авторақам онлайн-аукционларида эркин иштирок этиш имкониятини тўла тақдим этади.
Шу билан бирга, жорий йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси "Mobiuz" ва "Beeline" уяли алоқа операторлари билан талаб юқори бўлган мобиль рақамларни биржанинг mobilraqam.uzex.uz вебсайти орқали сотиш бўйича келишувларни имзолади.
Биржа хизматлари сифатини яхшилаш, мижозлар билан самарали мулоқотни ўрнатиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида тўғридан-тўғри биржа раҳбари билан боғланиш бўйича @UzexMarkazBot ва муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш учун @UZEXfeedbackbot Telegram-ботлари яратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги юзасидан аноним хабарларини юбориш имконини берувчи @uzexanticorruptionbot аноним Telegram-боти ҳам ишга туширилди.
Матбуот анжуманинг иккинчи қисмида тадбир иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Матбуот анжуманинг видео кўринишини қуйидаги ҳаволада кўришингиз мумкин.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 8402