19 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси раҳбарларининг Украинага уюштирган ташрифининг сўнгги кунида Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси кўмаклигида Украина озиқ-овқат компаниялари вакиллари билан учрашувлар ва бир қатор якуний ҳужжатларни имзолаш маросими ташкил этилди.
Хусусан, Украина Ташқи ишлар вазирлигида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқарув раиси Зиёвиддин Бадриддинов ва “Мукомолы Украины” иттифоқининг бошлиғи Родион Рыбчинский учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дмитрий Сенник ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Қурманов иштирокида ўтказилди.
Мазкур учрашувнинг якуний ҳужжати сифатида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва “Мукомолы Украины” иттифоқи ўртасида тузилган Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги баённома ҳисобланади. Баённомада “Мукомолы Украины” иттифоқи аъзоларини ўзбек биржасининг электрон савдоларида иштирок этишини ташкиллаштириш назарда тутилган.
Шу каби учрашув ва Ҳамкорлик баённомасини имзолаш маросими “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва “Чумак” ЁАЖ ўртасида ҳам ўтказилди.
Ушбу баённомага мувофиқ томонлар аукцион савдосига қўйиладиган маҳсулотларнинг нархларини аниқлаш механизми, шунингдек ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби, маҳсулотларни етказиб бериш муддати ва шартлари хусусида келишиб олдилар.
Шунингдек, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” Акциядорлик жамияти ва “Панда” масъулияти чекланган жамияти ўртасида ҳам Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ томонлар Украинада ишлаб чиқилган шакар маҳсулотларини биржа савдолари ва электрон тижорат воситаларининг имконияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида сотишга келишиб олишди.
Юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг имзоланиши талабгор озиқ-овқат маҳсулотларини биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда импорт қилиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш юзасидан белгиланган вазифаларни бажаришга хизмат қилади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4928