Олмаота ва Нур-Султон (Қозоғистон) да “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг Биржа савдолари электрон тизимига (БСЭТ) уланган янги хорижий савдо майдончалари очилди.
Савдо майдончаларини очиш ва рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси делегациясининг Қозоғистон Республикасига ташрифи мобайнида амалга оширилди.
Янги хорижий савдо майдончаларининг ишга туширилиши туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари биржанинг электрон савдо тизимлари орқали юқори ликвидли маҳсулотларни, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини эркин сотишлари ва сотиб олишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси делегациясининг Қозоғистонга ташрифи дастурида, шунингдек хорижий ҳамкорлар билан ишбилармонлик учрашувлари, анжуманлар ва Қозоғистон корхоналарига ташрифларни уюштириш ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг хорижий савдо майдончалари Россия, Хитой, Белорусия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда фаолият юритади.
Уларни ташкиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад, биржа савдоларининг бозор механизми имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларининг икки томон товар бозорларида эркин иштирок этишларини таъминлашдир.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4846