Ўзбек биржаси ва Украинанинг йирик буғдой экспортчиси ўртасида баённома имзоланди | Новости

19 Ноя 2020

18 ноябрь куни ўзбек делегациясининг Украинага ташрифи доирасида «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» акциядорлик жамияти ва «РАМБУРС» хусусий акциядорлик жамияти ўртасида баённома имзоланди.

Мазкур баённомага мувофиқ томонлар Украинада ишлаб чиқилган дон ва ёғ маҳсулотларини биржа савдолари ва электрон тижорат воситаларининг имконияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида сотишга келишиб олишди.

Баённомада белгиланган вазифаларни бажариш доирасида ўзаро ҳамкорликда ўқув дарслари, семинарлар ва анжуманлар ўтказилади, томонлар иштирокида бизнес учрашувлар ва музокаралар ташкиллаштирилади ҳамда «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ва «РАМБУРС» ХАЖ ўртасида савдо-сотиқ муносабатларни ривожланишга ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилади.

Учрашувда таъкидланганидек, биржа технологиялари ёрдамида йўлга қўйилган тезкор ҳужжат айланмаси эвазига ортиқча сарсонгарчиликларсиз вақт ва маблағни тежаш мумкин. Ўз навбатида, биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар механизми дон ва ёғ маҳсулотларни етказиб бериш ва улар учун тўловларни ўз вақтида тўла амалга оширилишини кафолатлайди.

Дастлабки босқичда «РАМБУРС» ХАЖ ни биржада онлайн-рўйхатдан ўтказиш ва ҳисоб-китоб палатасида хорижий мижознинг шахсий ҳисобварағини очишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтқазилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланган эди.

Маълумот учун: «Рамбурс» — дон маҳсулотларини сотишга ихтисослашган компаниялар гуруҳи. «Рамбурс» компаниясининг асосий фаолияти арпа, буғдой, дон, кунгабоқар уруғлари, ўсимлик ёғи, соя уруғлари, буғдой уни ва рапсларни экспорт қилиш билан боғлиқ. Шунингдек, компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини юклаш, сақлаш ва жойлаштириш хизматларини ҳам кўрсатади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 4210