Ўзбек биржаси ва Украина Савдо-саноат палатаси ўртасида меморандум имзоланди | Новости

19 Ноя 2020

18 ноябрь куни ўзбек делегациясининг Украинага ташрифи доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Украина савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро келишув Меморандуми имзоланди.

Меморандумга мувофиқ томонлар ўзаро ахборот алмашинуви ва икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувларга эришилган.

Келишув, шунингдек Украина товар ишлаб чиқарувчиларининг талабгор маҳсулотларини электрон биржа савдо воситалари ва механизмларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон товар бозорларида сотиш бўйича Украинанинг ишбилармонлари учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Шу мақсадлар доирасида махсус маркетинг тадқиқотлари ўтказилади ва экспертларнинг маслаҳатлари йўлга қўйилади ҳамда томонларнинг мунтазам учрашувлари ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ масалалари юзасидан маълумотлар алмашинуви ташкиллаштирилади. Пировардида, Украинанинг ишбилармонлари учун тегишли тавсиялар ҳам ишлаб чиқилади.

Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши озиқ-овқат маҳсулотларини биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда импорт қилиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлашга қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари Украинанинг агро ишлаб чиқарувчилари билан Ўзбекистон Республикасига шакар, ўсимлик ёғи, ун, дон, гўшт ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича учрашувлар бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Украина Савдо-саноат палатаси - нодавлат, нотижорат, ўзини ўзи бошқариш шаклидаги ташкилоти бўлиб, у ихтиёрий равишда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган Украинанинг юридик шахслари ва фуқароларини ҳамда уларнинг уюшмаларини бирлаштиради. Айни пайтда барча мулк шаклидаги 8,5 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари Украина Савдо-саноат палатаси аъзолари ҳисобланади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 4657