Жорий йил 17 ноябрь куни Киев шаҳрида (Украина) Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раҳбарияти ва Украина озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компаниялари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган мақсад Украинанинг шакар, ўсимлик ёғи, гўшт, дон ва ун маҳсулотларини Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа механизми ва электрон савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга етказиб бериш масалаларини батафсил муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирда “Мукомолы Украины” Иттифоқи, “Производители говядины Украины” уюшмаси, Украинанинг "УкрСахар" шакар ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмаси раҳбарлари, шунингдек, Украинанинг йирик компаниялари, шу жумладан “Чумак” МЧЖ, “Премьер-Фуд” МЧЖ, “Агро Фирма “Свитанок” МЧЖ ва “Аспик Групп” МЧЖ вакиллари иштирок этишди. Бир қатор бошқа корхоналар ҳам тадбирга онлайн форматда қўшилишди.
Тадбирни Украина Ташқи ишлар вазири ўринбосари Д.Ю. Сенник, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси А.А. Курманов ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раиси З.Б. Бадриддинов кириш сўзлари билан очиб бердилар.
Таъкидланганидек, ўзбек биржаси ва украиналик тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатилиши аввал эришилган келишувларни амалга оширишга имкон беради ҳамда Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашув давомида ўзбек биржаси ва украина озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларининг тақдимотлари бўлиб ўтди, шунингдек тор доирадаги икки томонлама музокараларда биржа механизмларини қўллаш орқали Украинанинг шакар, ўсимлик ёғи, гўшт, дон ва ун маҳсулотларини Ўзбекистонга экспорт қилиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ишларни фаоллаштиришга доир ниятини билдирдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4741