Жорий йилнинг 9 ноябрь куни “Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси” АЖ Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси билан ҳамкорликда Россия шакар ишлаб чиқарувчилар иттифоқи (СОЮЗРОССАХАР) вакиллари иштирокида «Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси электрон савдо тизимлари орқали шакар маҳсулотларини экспорт ва импорт қилиш имкониятлари» мавзусида видеоанжуман ўтказди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ нинг шаффоф ва рақобатли биржа савдолари орқали шакарни сотиш механизмини кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Видеоанжуманда Россиянинг «СОЮЗРОССАХАР» шакар ишлаб чиқарувчилар иттифоқининг раиси А.Б. Бодин, бошқарув раисининг ўринбосари С.В. Миронов, шунингдек «Сахар» ШК МЧЖ вакиллари ва биржа ходимлари иштирок этишди.
Тадбир доирасида ўзбек биржаси фаолияти, ҳисоб-клиринг палатасининг ишлаш тартиби ва биржада ташқи савдо операцияларни амалга ошириладиган валюта савдо майдончаси тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Россияда фаолият юритаётган биржанинг савдо майдончалари онлайн учрашувнинг алоҳида мавзусига айланди. Хорижий савдо майдончалари икки мамлакат тадбиркорларига биржа орқали сотиладиган товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятини яратиши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, шакар маҳсулотини Ўзбекистонга экспорт қилишда хорижий компаниялар (норезидентлар) учун биржада яратилган қўшимча қулайликлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шу жумладан, ушбу корхоналар учун биржада аккредитациядан ўтказиш тартиби соддалаштирилганлиги ва улар биржанинг комиссион йиғимларидан озод қилинганлиги айтиб ўтилди.
Видеоанжуман якунида муҳокама қилинаётган мавзу доирасида фикр алмашилди ҳамда Россия шакар ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 5113