Ўзбекистон биржасининг хориждаги янги савдо майдончалари очилди | Новости

27 Окт 2020

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товар ресурслари учун нархларининг барқарорлигини импорт ҳисобига таъминлаш ва сақлаш мақсадида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ўзининг хорижий савдо майдончалари тармоғини кенгайтириш ишларини давом эттирмоқда.

Хусусан, хорижий ҳамкорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида биржанинг янги савдо майдончалари Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикасида очилди.

Шу жумладан, хорижий савдо майдончалари Россиянинг экспорт-импорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда Россиянинг Пермь ва Марказий Осиё фонд биржаси билан ҳамкорликда Тожикистон Республикасининг пойтахти – Душанбе шаҳарларида ишга туширилди.

Биржанинг янги савдо майдончаларини ишга туширилиши билан буғдой, шакар, пахта ёғи ва бошқа маҳсулотларини биржанинг электрон савдо тизимлари орқали эркин импорт қилиш имкониятлари очилмоқда. Бунда хорижий компаниялар биржа савдолари ва электрон тижоратнинг бозор механизмлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон товар бозорларига тўғридан-тўғри чиқишлари мумкин.

Мазкур электрон савдо тизими мижозларга хизмат кўрсатишнинг ягона механизми, амалга ошириладиган савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек тўловларни ва товарни етказиб беришнинг кафолатлаш каби афзалликларга эга.

Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларимиз ўз навбатида, хорижда фаолият юритаётган биржа савдо майдончаларининг биржа ва маркетинг хизматларидан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга самарали усул билан олиб чиқишлари ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро савдо тармоғи Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасида жойлашган биржа офисларини ўз ичига қамраб олади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 4631