Биржада “Ўзбек тили байрами куни” ўтказилди | Новости

21 Окт 2020
2020 йил 21 октябрда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида “Ўзбек тили байрами куни” га бағишланган тадбир ўтказилди. Байрам тадбирида Биржанинг бошқарув раиси, ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
 
Тадбирни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов  тантанали равишда кириш сўзи билан очиб берди.
 
Биржа раҳбари таъкидлаганидек, 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрамини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлиги, Ўзбекистон фуқаролигини олувчи шахсларга, мансабларга тайинланувчи шахсларга нисбатан ўзбек тилини билиш талаби давлат тилининг мавқеининг кўтарилишига ва унга бўлган эътиборнинг янада ошишига хизмат қилади. Кейинги йилларда давлат тили қадрини оширишга қаратилган шу каби Ҳукумат қарорлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Зеро, она тили бу миллатнинг маънавий бойлиги ва маданиятининг ўзагидир. Аждодлардан бизга мерос ўтган тилимиз авлодларимизга тўкислигича етмоғи лозим.
 
 
 
 
 
 
Тадбир давомида, Бошқарув раисининг ўринбосари Николай Юрьевич Давыденко ҳам ходимларни миллий байрам билан ўзбек тилида табриклаб, нутқи сўнгида халқимизнинг таниқли шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъридан парча ўқиб берди.
 
Шу билан бирга, ўзбек тилини ўрганаётган ходимлар Татьяна Старчикова ва Диана Стёпина ўзбек шоирларининг Ватан ҳақидаги шеърларидан ўқиб эшиттирдилар.
 
Тадбирда шунингдек, байрам арафасида ходимлар ўртасида ўтказилган савол-жавоб мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Мазкур танлов асосан Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги қонуни, ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихига оид саволлардан иборат бўлди. Ўтказилган мусобақа ғолиблари сифатида қуйидаги ходимлар эътироф этилди:
 
1- ўрин – Шукуров Рустам.
2- ўрин – Алимов Қаҳрамон.
3- ўрин – Умаров Абдуазиз  ва Сулаймонова Ирода.
 
Тадбир якунида Бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Машҳура Ҳақбердиева Биржада давлат тили қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича қилинаётган ва келгусида бу борада жамоа билан ҳамжиҳатликда бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида гапириб ўтди.
 
Шунингдек, байрам тадбири доирасида биржа ходимлари Ўзбекистон Миллий боғида буюк шоиримиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида иштирок этдилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 5007