Биржанинг логистика порталида дастлабки битимлар тузилди | Новости

12 Окт 2020
Жорий йилнинг 10 октябрида Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси оператори ҳисобланган transport.uzex.uz логистика порталида мижозларга маҳсулотларни етказиб бериш бўйича 2 та битим муваффақиятли амалга оширилди.
 
Логистика бўйича дастлабки битимлар Жиззах вилоятида биржа савдолари орқали 5,3 млн сўмга сотиб олинган 150 тонна турли маркали цементнинг харидорга етказиб бериш бўйича тузилди.
 
Биржанинг янги электрон савдо платформаси товарларни, шу жумладан биржада сотилган юқори ликвидли маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича логистик хизматларни кўрсатишга мўлжалланган.
 
Буюртмачилар юк ташувчиларнинг хизматидан фойдаланиш учун товарни ташиш бўйича ўз эълонларини, юк ва уни етказиб бериш манзили тўғрисида барча маълумотларни кўрсатган ҳолда, порталга жойлаштиришлари мумкин.
 
Ўз навбатида юк ташувчилар буюртмага ўз таклифларини ўзларининг шахсий кабинетлари орқали берадилар. Бундан сўнг буюртмачи юк ташувчилардан келиб тушган таклифлардан муносибларини саралаб оладилар, электрон тизим эса муносиб топилган таклифлар орасида энг арзонини автоматик тарзда танлаб олади.
 
Шунингдек, иштирокчилар юк ташиш учун тўловларни биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириш йўли билан тузилган битимлар ижросини кафолатлаш механизмидан ҳам фойдаланишлари мумкин.
 
Қўшимча маълумот учун, UZEX биржасининг Call-маркази операторлари ва мутахассисларига @uzexfeedbackbot телеграм боти ёки (+71) 207-00-33 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 5325