Давлат харидлари бўйича янги савдо тизимининг тақдимоти ўтказилди | Новости

03 Янв 2020

2020 йил 3 январда “ЎзРТХБ” АЖ нинг бош офисида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида яратилган қўшимча саҳифанинг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлар ва корхоналарининг вакиллари, шунингдек давлат харидларининг бошқа буюртмачилари ва товар етказиб берувчилари ва тадбиркорлар иштирок этдилар.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4544-сон қарорига мувофиқ 2019 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидаги электрон дўкон савдо майдончасида буюртмачилар томонидан давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш имкониятини берувчи қўшимча саҳифаси milliydokon.uzex.uz ва emilliydokon.uzex.uz манзиллари бўйича ишга туширилди.

Мазкур электрон савдо тизими давлат харидлари тизимининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уни янада такомиллаштириш мақсадида яратилган. Хусусан давлат буюртмачилари ушбу саҳифадан фойдаланган ҳолда ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига кўшимча вақт ва пул маблағларини тежашлари, маҳаллий тадбиркорлар эса ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларида кенгроқ иштирок этишлари мумкин.

Тақдимот давомида янги вебсайтда ўтказиладиган савдоларнинг тартиби ва механизми, унинг функционал имкониятлари батафсил тушунтирилди. Хусусан, савдо тизимида талабномаларни жойлаштириш ва тузилган битимларни тўғри расмийлаштириш, мижознинг шахсий кабинетидан фойдаланиш бўйича мутахассисларнинг амалий тавсиялари берилди.

Айтиб ўтилганидек, давлат харидлари бўйича ҳудудий электрон савдоларни ўтказиш жараёни электрон дўкон механизмига ўхшаш. Буюртмачи ўзининг ҳудудидаги талабгорларнинг таклифлари орасида зарур товарни танлайдилар ва нарх сўраш механизмини фаоллаштиради. Кейинги 48 соат мобайнида белгиланган ҳудуддаги етказиб берувчилар худди шундай товарга ўз нарх таклифларини тизимга киритадилар.

Савдо ғолиби электрон тизимга киритилган нарх таклифларини солиштирган ҳолда автоматик режимда аниқланади. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартнома мижознинг шахсий кабинетида электрон шаклда имзоланади.

Электрон дўконнинг қўшимча саҳифасида харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра товар мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган тақдирда, давлат буюртмачиси электрон дўконнинг асосий саҳифасидан фойдаланади.

Тадбир якунида мавзу доирасида фикр алмашуви бўлиб ўтиб, унда буютрмачи ва етказиб берувчилар яратилган янги тизим юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирдилар, мехмонлар ўзларини қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоблар олдилар.

 

Источник : Пресс служба АО "УзРТСБ"

Курилди: 6705