“ЎзРТХБ” АЖ да актёр Ёдгор Саъдиев билан ижодий учрашув бўлиб ўтди | Новости

23 Сен 2019

2019 йил 20 сентябрда, ҳафта якуни арафасида, “ЎзРТХБ” АЖ га Ўзбекистоннинг таниқли актёри, режиссёри, продюсери ва халқ артисти, Ҳамза номли Давлат мукофоти лауреати Саъдиев Ёдгор Хабибович ташриф буюрди.

image

image

Маданий-маърифий тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсади – ёш авлодда маънавий қадриятларни шакллантириш ва ёшларни санъат билан таништириш.

“ЎзРТХБ” АЖ ходимларининг санъат оламининг ёрқин ва намунали намоёндаси – Ёдгор Саъдиев билан учрашуви самимий ва очиқ мулоқот руҳида бўлиб ўтди. Фахрий меҳмон ўз ижодий йўли хусусида сўзлаб берар экан, биржа ходимларига актёрлик фаолиятининг бошланиши ва фильмларни суратга олиш жараёнларида дуч келган турли қизиқарли воқеалар ҳақида гапириб берди. Шунингдек, актёр замонавий кинематография тўғрисида фикр юритди, ҳамда ўзининг ҳаёт йўлидаги танловлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Суҳбат давомида у муваффақият тасодиф эмаслигини, унга фақатгина билим ва меҳнат орқали эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

image

image

Актёр театр ва кинода кўплаб ролларни маҳоратли ижро этганлигига қарамай, биржа ходимларининг аксарияти унинг энг машҳур ва таниқли роли, яъни Ёдгор Саъдиевнинг ўзи режиссёрлик қилган “Шайтанат – Жинлар салтанати” кўп қисмли фильмидаги Асадбек ролига катта қизиқиш билдирдилар.

Севимли халқ санъаткори билан учрашув “ЎзРТХБ” АЖ нинг барча ходимларида унутилмас таасурот қолдирди. Таниқли актёр йиғилган иштирокчиларнинг барча қизиқтирган саволларига жавоб берди. Тадбир сўнгида биржа фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида меҳмон учун “ЎзРТХБ” АЖ нинг диққатга сазовар жойлари билан танишув экскурсияси ўтказилди.

image

image

Манбаа : Пресс-служба АО УзРТСБ

Кўрилди: 8094