2019 йил 12 сентябрида Қозоғистон фонд биржасининг (KASE) делегацияси “ЎзРТХБ” АЖ га бошқарув раиси Алина Алдамберген бошчилигида ташриф уюштирди. Делегация таркибига, шунингдек, ривожланиш бўйича директор Кайрат Турмагамбетов, эмитентлар билан ишлаш департаменти директори Эльвира Серсенбаева, эмитентлар ва инвесторлар билан ишлаш Департаментининг етакчи мутахассиси Азим Жарасов, ахборот ва статистика Департаменти бош мутахассиси Тамара Шодиева кирдилар, ҳамда брокерлик корпусларининг вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур тадбир 2019 йил 10-11 сентябрь кунлари Cbonds молиявий-ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон капитал бозори” иккинчи халқаро конференцияси доирасида ташкиллаштирилди. Қозоғистон фонд биржасининг (KASE) делегацияси Ўзбекистонга ташрифининг асосий мақсади Марказий Осиё молия бозорида мавжуд вазият, ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганишдир.
Учрашув бошида биржага ташриф буюрганлар учун “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти тўғрисидаги презентацион видеоролик намойиш этилди. Хусусан, улар маҳаллий биржани ташкил топиши ва ривожланиш тарихи, унда сотиладиган товар активлари, ҳамда UZEX биржасининг замонавий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
Биржа ходимлари биржанинг савдо платформалари, биржа аъзолари ва савдо иштирокчиларнинг аккредитациядан ўтказиш тартиби, биржа ва аукцион савдолар механизми тўғрисида ҳам батафсил маълумот тақдим этдилар. Шунингдек, биржа томонидан ҳам йирик товар ишлаб чиқарувчилар, ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилган афзалликлари тўғрисида ҳам сўз юритилди. Тадбир охирида меҳмонлар “ЎзРТХБ” АЖ нинг асосий савдо залига кириб, биржа савдолари жараёнини реал вақт тарзида кузатдилар.
Ўз навбатида Қозоғистон делегациясининг аъзолари “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятига юқори баҳо бериб, биржа савдолари Ўзбекистонда нархларни шаффоф тарзда шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бозор механизми эканлигини таъкидладилар.
Учрашув якунига кўра, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари тўғрисида муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Источник : Пресс-служба АО УзРТСБ
Курилди: 10526