Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июндаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисидаги” 633-сонли қарорига мувофиқ 2019 йил 15 августдан бошлаб Аи-91 русумли автомобиль бензинининг чакана нархи биржа савдолари орқали белгиланади.
Автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчалари Аи-91 русумли бензинни сотиб олиш учун очиқ биржа савдоларида иштирок этишади. Биржа савдоларида нарх бозор қоидалари асосида, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин ўрнатилади.
«ЎзРТХБ» АЖ биржа бозорида Аи-91 бензинини сотиб олувчилари қаторига автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчаларидан ташқари, бензинни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган бошқа юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ҳам киради. Нефтни қайта ишлаш заводлари биржа савдоларида бензин сотувчилари сифатида қатнашади.
2019 йил 7 ой давомида «ЎзРТХБ» АЖ нинг биржа савдолари орқали 18,1 млрд сўмлик 2,9 минг тонна Аи-91 русумли бензин сотилган. Аи-91 бензини асосий сотувчи-корхоналарининг бошланғич қиймати бензиннинг бир тоннаси учун 5828,5 минг сўмни, ўртача нархлари эса бир тоннаси учун 6235,8 минг сўмни ташкил этди. Харидорлар ўртасида рақобатнинг кучайиши муносабати билан Аи-91 русумли бензинининг биржа савдоларига қўйилиш ҳажмларини кўпайтирилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, биржа савдоси орқали сотилган товар ресурлари учун биржа котировкалари ҳафталик асосда белгиланади ва ҳар Душанба куни соат 17:00 гача «ЎзРТХБ» АЖ нинг www.uzex.uz расмий вебсайтида эълон қилинади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 14174