«ЎзРТХБ» АЖ вакиллари Нью-Йоркда инвестицион форумда иштирок этдилар | Новости

31 Июл 2019
2019 йилнинг 22 июль куни Нью-Йорк шаҳрида "Ўзбекистон капитал бозоридаги имкониятлар" мавзусида инвестицион форуми бўлиб ўтди.
 
Форумда «Goldman Sachs», «Citi», «J.P. Morgan Chase & Co.», «Oppenheimer», «Morgan Stanley» каби АҚШнинг етакчи консалтинг ва молия компаниялари, хедж-фондлар, инвестбанклар, стратегик ва портфель инвесторлар иштирок этишди.
 
Ўзбекистон томондан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Инфинбанк» АТБ, «Тошкент» РФБ, «Ўзавтосаноат» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Асака» АТБ, «ЎзРТХБ» АЖ, ҳамда бошқа хусусий сектор ва бизнес вакиллари иштирок этишди.
 
Форум иштирокчилари Ўзбекистон эмитентларининг қимматли қоғозларига инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ва муаммоларни муҳокама қилдилар, шунингдек, АҚШ портфель инвесторлари ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида инвестицияларни жалб этишга доир қатор тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилди.
 
Тадбир давомида Америка компания вакиллари ва халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ҳамда товар бозорлари ва биржа фаолиятларини янада ривожлантириш йўлида ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берилди.
 
Форум доирасида иккитомонлама учрашувлар ўтказилиб, уларда “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари АҚШнинг етакчи инвестицион фондлари ва компаниялар билан музокаралар ўтказдилар ва улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдилар. Хусусан иккитомонлама учрашувлар американинг Auerbach Grayson, Kuklos Capital, Stone Forest Capital, Voltan Capital Management и RockHil Investment Rohantyl компанияларининг топ-менежлари билан ўтказилди.
 
Кутилаётган SPO (акцияларни иккиламчи оммавий таклиф) доирасида инвестиция киритиш имкониятлари ва истиқболларининг тақдимоти ўтказилди. Биржанинг иқтисодий самарадорлиги ва ривожланиш истиқболлари юқорилиги сабабли Америка инвестицион компаниялар ва молия институтлари акцияларни оммавий таклифига катта қизиқиш билдиришди.
 
Музокаралар натижасида етакчи инвестицион воситачи «Auerbach Grayson» компанияси билан институтционал ва стратегик инвесторлари орасида “ЎзРТХБ” АЖга инвестиция киритиш имкониятларини илгари суриш йўналишида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
 
Америка компанияси шунингдек “ЎзРТХБ” АЖ мутахассислари ва трейдерларини малакасини АҚШнинг етакчи савдо майдончаларида оширишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Ушбу ташаббус, ўз навбатида, “ЎзРТХБ” АЖнинг янги биржа технологиялари ва савдо воситаларини жорий қилиш йўналишида белгиланган стратегик мақсадларига эришишга кўмаклашади. Шу жумладан, ўзбек биржасининг брокерлари ва мутахассислари фьючерс савдоларини ташкиллаштиришнинг амалий жиҳатларини ўзлаштириб олиш имкониятига эга бўладилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10075