Давлат харидлари бўйича форум ўтказилди | Новости

29 Июл 2019
2019 йил 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан “Давлат харидлари – тадбиркор бизнеси ривожи учун кенг имкониятлар пойдевори” мавзусида форум ўтказилди.
 
Тадбирда тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда Жаҳон банки, Ислом таррақиёт банки вакиллари, халқаро экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари, Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ходимлари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, шунингдек, бир қатор манфаатдор идоралар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Форумнинг асосий мақсади – давлат харидлари жараёнида тадбиркорлик субъектларининг кенг қамровини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш. Шунингдек, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, амалдаги қонунчилик ва илғор хорижий тажриба асосида давлат харидлари самарадорлигини ошириш бўйича аниқ тавсиялар ва таклифларни ишлаб чиқиш, уларни самарали ҳал қилиш йўлларини излаш.
 
Хорижий мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат харидлари бюджет харажатларининг аҳамиятли таркибий қисмларидан бири сифатида иқтисодиёт бошқарувида муҳим вазифани бажаради.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари каби, Ўзбекистон ҳам давлат харидлари тизимини ислоҳ қилишга катта эътиборни қаратиб келмоқда. Хусусан, “ЎзРТХБ” ” АЖ оператори ҳисобланмиш xarid.uz Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали давлат харидлари очиқлиги ва ошкоралигини, бюджет ташкилотлари ва давлат улуши бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлайди, шунингдек бу соҳада соғлом рақобатни шакллантириш ва ривожлантиришга кўмак беради.
Форумда “ЎзРТХБ” АЖ нинг раҳбарлари ва маъсул мутахассислари тақдимотлар ўтказдилар ва муҳокамалар жараёнида иштирок этдилар. Пленар йиғилишларда биржанинг давлат харидлари бўйича ташкиллаштирилган электрон савдо тизимини такомиллаштириш режалари батафсил ёритиб берилди. Шу жумладан, яқин келажакда давлат ва корпоратив харидларининг буюртмачи ва етказиб берувчилари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар амалга ошириш тартибини содалаштирилиши режалаштирилмоқда.
 
Очиқ ва конструктив руҳда ўтказилган тадбирда биржа вакиллари тадбиркорлар ва журналистларнинг саволларига жавоб бердилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10777