Биржа савдоларини бозор иқтисодиётининг ажралмас қисми сифатида миллий иқтисодиётимизда тутган ўрни тушунтирилишига қарамасдан, айрим ОАВ масалани батафсил ўрганиб чиқмасдан, биржа ҳақида юзаки ва бир томонлама тайёрланган материалларни нашр этишни давом эттирмоқда.
Хусусан, "Ishonch" газетаси (2019 йил 16 июль, 86-сон, муаллиф – Зебо Намозова)да ва бошқа электрон нашрларда паррандачилик соҳасидаги муаммоли масалалар, шу жумладан биржа савдолари билан боғлиқ муаммоларга бағишланган мақола эълон қилинди. Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда истеъмол қилинадиган парранда озуқасининг 80-90 фоизи импорт қилинган маҳсулотлар бўлиб, уларнинг таннархи қиммат. Шу билан бирга, мақола муаллифи ушбу маҳсулот биржа савдолари орқали сотилмаслиги сабабли “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятига алоқаси йўқлигини кўрсатиб ўтмаган.
Қолган 10-20 фоизга келсак, мақола муаллифининг фикрига кўра, буғдойнинг биржа нархи ўтган йилга нисбатан бир килограмми учун 900 сўмдан 1 500 сўмгача кўтарилиб, ушбу ўсиш спирт ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг буғдойни биржа савдолари орқали сотиб олишда иштирок этганлиги билан боғлиқ.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сонли қарорига мувофиқ чорвачилик (паррандачилик ва балиқчилик) корхоналари ва спирт ишлаб чиқарувчилар чорва озуқаси учун буғдойни сотиб олувчилари сифатида биржа савдоларида эркин ва чекловларсиз иштирок этишади.
Чорва озуқаси учун буғдойнинг котировкалари биржа савдоларида талаб ва таклиф асосида шаклланади. Электрон биржа савдолари шаффофлик, ошкоралик ва барча савдо иштирокчилари учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш тамойилларига таянган ҳолда ўтказилади.
Умуман олганда, 2019 йилнинг бошидан июль ойига қадар “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдолари орқали 350 минг тоннадан зиёд чорва учун озуқа буғдойи сотилиб, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробар кўпдир. Шу боис кўрилаётган даврда турли хил чорва учун озуқа буғдойнинг ўртача биржа котировкаси буғдойнинг бир тоннаси учун 1 810,1 минг сўмдан 1 394,5 минг сўмгача, яъни 23% га пасайган.
Шу билан бирга, биржада буғдойнинг харид қилиш таркибининг катта қисмини, яъни 49% ни паррандачилик корхоналари эгаллаган. Спирт ишлаб чиқарувчиларнинг улуши эса 32% ва бошқа харидорларнинг ҳиссаси 19% ни ташкил этган.
Ўтган йилнинг июль ойида чорва озуқаси учун буғдойни сотувчи-корхоналари ушбу маҳсулотларнинг бошланғич нархларини бир тонна учун ўртача 885,9 минг сўмдан 1 212,4 минг сўмгача кўтаришган. Жорий йилда чорва озуқаси учун буғдойнинг бошланғич нархи бир тонна учун ўртача 1 314,3 минг сўмни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг июль ойида бошланғич ва ўртача нархлар ўртасидаги тафовут эса 9% дан ошмаган.
Юқоридаги маълумотларга таянган ҳолда қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1. Чорва озуқаси учун буғдойнинг биржа бозори республика паррандачилик озуқа истеъмолининг умумий ҳажмини аҳамиятсиз қисмини ташкил қилади.
2. Чорва озуқаси учун буғдойнинг биржа бозори жорий йилда унинг таклиф даражаси ўсганлиги боис устувор равишда нархларнинг пасайиш ҳолатини намоён этмоқда.
3. Биржа бозорининг истеъмол таркибида спирт ишлаб чиқарувчиларнинг улушини юқори эмаслиги ҳамда биржа савдоларига қўйилаётган чорва озуқаси учун буғдой ҳажмини ўсганлиги сабабли биржада харидорлар ўртасидаги рақобатни кучайиши буғдой нархини ўтган йилга нисбатан ўсишида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди.
4. Буғдойнинг биржа нархларини ўтган йилга нисбатан ўсиши сотувчи корхоналар томонидан бошланғич нархларнинг ошиши билан ҳам боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, биржа механизми товарнинг ҳақиқий бозор нархини аниқлаш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиб бериш имконини беради. Биржа савдо натижалари бўйича шаклланган бошланғич ва ўртача нархлар ўртасидаги тафовут сотувчи корхоналарнинг қўшимча даромади бўлиб, уларнинг бир қисмини ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва қўшимча қувватларни ишга туширишга йўналтирилиши мумкин. Харидорлар ўртасидаги рақобатни сунъий равишда чеклаш чораларини қўллаш талаб ва таклиф мувозанатини таъминлашнинг бозор иқтисодиётига хос усули ҳисобланмайди.
ОАВ вакилларини биржа фаолиятига доир материалларни тайёрлаш чоғида, берилаётган маълумотларни объективлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ Матбуот хизматига мурожаат қилишини сўраймиз.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 12364