2019 йил январь-июнь ойлари даврида “ЎзРТХБ” АЖ нинг биржа савдоларида ички бозор учун жами 284,3 минг тонна пахта толаси сотилган ва ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 4,0 маротабага ошган. Маҳсулотни биржа савдолари орқали сотилишининг ўртача ойлик ҳажми 47,4 минг тоннани ташкил этган.
Биржа савдоларида пахта толасини қўйилиши ва сотилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 106-сонли қарорига мувофиқ “Ўзпахтасаноат” АЖ корхоналари томонидан амалга оширилади. Биржа савдоларининг харидорлари сифатида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг тизимига кирувчи тўқимачилик корхоналарига ва пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлган бошқа корхоналар иштирок этишган.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида биржа орқали 5 хил навли пахта толаси сотилди. Биржа бозорининг катта қисмини 1 нав 4 тип ва 2 нав 4 типдаги пахта толалари эгаллаб, уларнинг улушлари мос тарзда 61% ва 20%ларни ташкил этди. Қолганларнинг улушлари 8% дан камроқдир.
Жорий йилнинг биринчи ярмида биржанинг пахта толаси бозори ўзгарувчанликни намоён этди. Хусусан январь апрель ойларида биржада шаклланган нархлар пахта толасининг бир тоннаси учун 13,5 млн сумдан 14,6 млн сумгача, яъни 8%га ўсди. Кейинги ойларда савдога қўйилаётган ҳажмлар кўтарилганлиги боис бозорда коррекция шаклланди. Ўз навбатида пахта толасининг ўртача нархлар июнь ойига келиб 11% га пасайиб, 13,1 млн сўмни ташкил этди.
Биржанинг валюта майдончаси орқали умумий қиймати 37,3 млн АҚШ долларига тенг жами 23,8 минг тонна пахта толаси экспортга сотилган. Бу эса биржа умумий экспортининг 49,2 фоизини ташкил қилган. Бир тонна пахта толасининг ўртача экспорт нархи 1 564,7 АҚШ долларига тенг бўлган.
Бугунги кунда “ЎзРТХБ” АЖ нинг экспорт бўйича котировкалаш варақасида пахта толасининг турли навлари бўйича 100 дан ортиқ биржа шартномалар очилган. Ўзбекистон пахта толасини экспорт қилиш географияси кенгаймоқда ва пахта толасини биржа механизми ёрдамида жаҳон бозорларига олиб чиқиш самарадорлиги ошиб бормоқда.
Источник : Пресс-служба АО УзРТСБ
Курилди: 23537