“ЎзРТХБ” АЖ Андижонда матбуот анжумани ўтказди | Новости

12 Июл 2019
2019 йил 12 июль куни “ЎзРТХБ” АЖ Андижон шаҳрида “Биржа технологиялари: бизнес учун имкониятлар ва истиқболлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ҳам ўтказилди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ Андижон филиали анжуман ташкилотчиси сифатида иштирок этди. Тадбирда биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдо ва онлайн аукцион иштирокчилари, брокер ва трейдерлар, ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни “ЎзРТХБ” АЖ электрон савдоларида тадбиркорларнинг иштирок этиш натижалари ва истиқболлари билан таништиришдан иборат бўлди.
 
Анжуманда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг моддий-техник ресурсларидан эркин фойдаланишларини кенгайтириш “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда маҳаллий тадбиркорлар ўзларининг маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишда биржанинг замонавий технологияларидан муваффақиятли фойдаланмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг фаоллиги биржанинг барча савдо платформаларида кузатилмоқда.
 
Умуман олганда,  “ЎзРТХБ” АЖ да 2019 йилнинг I ярим йиллик якунига кўра  кичик ва хусусий тадбиркорлар иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 10,2 трлн сўмни ташкил этди, ва бу кўрсаткич 2018 йилнинг I ярим йиллик якунига нисбатан 60%га кўпдир. Тадбиркорлар биржа орқали 6,9 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 3,3 трлн сўмлик ўзлари ишлаб чиқарилган маҳсулотларини сотишди.
 
Бизнес вакилларини “ЎзРТХБ” АЖ биржа ва аукцион савдоларига жалб қилишда бозор нархларини шаклланишнинг шаффоф механизми, клиринг орқали тақдим этиладиган кафолатлаш тизими, бизнес-жараёнларда замонавий IT-технологиялардан фойдаланиш, мижозларнинг кенг базаси ва ривожланган рақобат муҳити ўз кўмагини берди.
 
Бу йўналишдаги ижобий динамикага, шунингдек, биржа платформасида сотилаётган товарларнинг сони ва ҳажмини ошиши, “ЎзРТХБ” АЖда электрон тижорат, яъни кўргазма-ярмарка савдолари (КЯС) ва XARID.UZ электрон давлат харидлари тизимини жадаллашуви эвазига эришилди.
 
Шу каби ўзгаришлар республиканинг ҳар бир вилоятида, шу жумладан Андижон вилоятида ҳам қайд этилган. Хусусан, 2019 йилнинг I ярим йиллик якунига кўра андижонлик тадбиркорлар биржанинг савдо тизимлари орқали 803,8 млрд сўмлик битимлар туздилар, бу кўрсаткич 2018 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан икки маротабага кўпдир. Бунда, Андижон вилоятининг тадбиркорлари 712,9 млрд сўмлик товар ресурсларини биржа орқали сотиб олдилар, ва 90,9 млрд сўмлик ўз маҳсулотларини сотдилар.
 
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида, “ЎзРТХБ” АЖ Андижон филиали кўргазма-ярмарка савдо тизимида тузилган битимлар бўйича сезиларли даражада ўсишга эришди. Ҳусусан, вилоятда тузилган кўргазма-ярмарка битимларнинг хажми 74%га ўсиб, 21,2 млрд сўмни ташкил этди. Тузилган битимларнинг асосий қисмини кимёвий маҳсулотлар (41%), полимерлар (20%) ва металл маҳсулотлари (5%) эгаллашди.
 
Ўз навбатида, Андижон вилоятининг тадбиркорлари ўзлари ишлаб чиқарган товарларни онлайн тарзда сотишда КЯС тизимининг афзаликларини алоҳида кўрсатиб ўтдилар. Яъни, савдо иштирокчилари ўз маҳсулотларини биржанинг yarmarka.uzex.uz вебсайтида брокерлик идораларининг хизматидан фойдаланмасдан эркин сотишлари мумкин. Биржа мижозлари учун қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб кўргазма-савдо ярмаркаси иштирокчиларини аккредитация қилиш тартиби соддалаштирилди. Эндиликда аккредитация жараёни қоғоз шаклида ҳўжжатларни тақдим этилмасдан электрон рақамли имзо орқали амалга оширилади.
 
Кўргазма-савдо ярмаркаси тизимининг тақдимотида экспорт-импорт операцияларини Интернет орқали амалга ошириш имкониятлари ҳам батафсил тушунтирилди. Таъкидланганидек, “ЎзРТХБ” АЖ доимий равишда хорижий савдо майдончалари тармоғини кенгайтириб бормоқда. Бу эса электрон ва онлайн савдоларга бевосита товар ишлаб чиқарувчилар ва якуний истъемолчиларни жалб қилиш имконини беради. Ҳозирги вақтда “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончалари ўз фаолиятини Хитой, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда маҳаллий тадбиркорларимиз манфаатларини кўзлаб олиб бормоқда. Тадбир иштироқчилар учун “ЎзРТХБ” АЖ нинг хорижий савдо майдончалари фаолияти тўғрисида янги видеотақдимот ҳам намойиш этилди.
 
Бундан ташқари, семинар иштирокчиларига давлат харидлари, авторақам электрон савдо тизимларининг долзарб масалалари бўйича маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди, ҳамда мобиль рақамларни харид қилиш бўйича mobilraqam.uzex.uz янги вебсайтнинг тақдимоти ўтказилди. Тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатлар “ЎзРТХБ” АЖнинг раҳбариятига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
 
Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар бўйича фикрлар алмашуви бўлиб ўтди. Биржа мутахассислари журналистлар ва анжуманнинг бошқа иштирокчилари қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. Тадбиркорлар ўтказилган анжуманинг самарадорлигини эътироф этиб, олинган маълумотлар биржа ва аукцион савдоларида иштирокчилари учун фойдали эканлигини билдирдилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 13283