Сўнги пайтларда ОАВ гўшт ва гўшт маҳсулотларнинг нархларини ўсиши ва бунинг сабабларидан бири сифатида ем маҳсулотларини биржа орқали сотилиши тўғрисида маълумотлар тарқатилмоқда. Масалани ечими сифатида биржа савдоларидан воз кечган ҳолда, хўжалик юритувчи корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузиш муносабатларига ўтиш таклиф этилган.
Шуни таъкидлаш керакки, биржа савдолари орқали сотилаётган пахта чигити шроти ва пахта шелухасининг ҳажми гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг шаклланишида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Мисол учун, 2019 йил биринчи ярим йиллигида биржа савдолари орқали шартли чорва озуқаси бирликлари бўйича 251,9 минг тонна пахта чигити шроти ва шелухаси озуқа бирлиги сотилган, бу эса республикадаги умумий йирик қорамолларнинг тахминан 4,9% озуқасини ташкил қилади.
Маълумки, аввалари товар ресурсларини харид қилиш имкониятлари чекланганлиги ва тизимда шаффофлик мавжуд эмаслиги хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланишига тўғоноқ бўлиб келган. Ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини фақатгина белгиланган нархларда сотишлари мумкин эди. Бироқ амалда товар уни харид қилиш учун берилган ижозат эвазига қўйилган нарх устамаси билан сотилган. Шу боис белгиланган ва сотилган нархлар ўртасидаги тафовут айрим “воситачилар”нинг норасмий даромад манбаига айланган.
Вақт ўтиши билан республикада замонавий очиқ-ойдин ва шаффоф товар бозорини яратиш зарурати туғилди. Юқорида кўрсатилган муаммоли масалалари ечими сифатида эса биржа механизми таклиф этилган.
Бугунги кунда “ЎзРТХБ” АЖда ўтказиладиган шаффоф ва ошкора биржа савдолари монополизм ва “хуфиёна иқтисод” элементларини бартараф этишга ўз кўмагини бериб, давлат бюджетига келиб тушаётган солиқларни оптималлаштирмоқда ва биржа савдолари натижасида олинган қўшимча даромад ҳисобига сотувчи-корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигини оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги ПҚ-4023 сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январда қабул қилинган ПҚ-3479-сонли қарорига ўзгартиришлар киритилиб, уларга мувофиқ пахта чигити шелухаси ва шроти биржа савдоларида эркин реализация қилинади.
“ЎзРТХБ” АЖ биржа бозорида чорва учун емларнинг сотувчиси сифатида “Ўзёғмойсаноат” Уюшмаси таркибига кирувчи ёғ-мой саноати корхоналари иштирок этишади. Биржа савдоларида харидор сифатида фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар эркин ва чекловсиз равишда иштирок этишмоқда.
2019 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига кўра биржа савдолари орқали 230,9 минг тонн пахта шроти сотилган, бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 22,5% га камдир. 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида пахта чигити шелухасининг сотилиши ҳажми 166,3 минг тоннага тенг, ва 2018 йилнинг 6 ойига нисбатан 20,5% камайган.
Чорва учун емларни биржа савдоларига қўйиш ҳажмларини қисқариши асосан май-июнь ойларига тўғри келди. Хусусан, агарда апрель ойида пахта шротини савдога қўйилиши 55,7 минг тоннага тенг бўлган бўлса, июнь ойида ушбу кўрсаткич 23 минг тоннагача, яъни 2,4 маротабага камайган. Худди шундай ҳолат пахта чигити шелухаси бозорида кузатилган, яъни унинг ҳажми 3 баробарга камайди ва 12,4 минг тоннани ташкил этди.
Шу боис, ем маҳсулотларининг биржадаги нархлари ўз йўналишини пасайишдан ўсишга ўзгартирган. Хусусан, 2019 йилнинг апрель-июль ойларида пахта шротининг биржада шаклланган нархи 18,6%га ўсиб, бир тонна учун нархи 2 239 минг сўмни ташкил этди, пахта чигити шелухасининг котировкаси эса 24,1% га ўсиб, бир тонна учун 1 711,1 минг сўмни ташкил этди.
Бир вақтнинг ўзида, 2019 йил биринчи ярим йиллигида сотувчи томонидан белгиланадиган чорва учун емларларинг бошланғич нархи кўтарилган. Яъни, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида пахта шротининг бир тоннаси учун бошланғич нарх 1 881,1 минг сўмдан 1 909 минг сўмгача кўтарилган. Пахта чигити шелухасининг бошланғич нархи бир тонна учун 1 266,3 минг сўмдан 1 302,4 минг сўмгача ўсган.
Шу тарзда, ўтган давр мобайнида чорва учун емларнинг биржа бозоридаги конъюнктураси рақобат, талаб ва таклиф каби бозор иқтисодиёти қоидаларига мувофиқ шаклланган. “ЎзРТХБ” АЖ савдо ташкилотчиси сифатида чорва учун емларнинг барча харидорларини тенглик асосда биржа савдоларида иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиб берган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 15543