2019 йил 23 май куни биржанинг бош офисида “ЎзРТХБ” АЖ бошқарув раиси Фарохидин Ибрагимов, ва «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) бош директори Владимир Кравченко ўртасида “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг ахборот тизимида пуллик абонент рақамларини сотиш бўйича шартнома тузиш ҳуқуқини берувчи электрон аукционни ташкиллаштириш тўғрисида келишув имзоланди.
«COSCOM» МЖЧ (Uсellтм)– бу пуллик тоифалардаги ўз мобиль рақамларини “ЎзРТХБ” АЖнинг янги электрон савдо тизими орқали сотишни таклиф этган биринчи уяли алоқа операторидир.
“ЎзРТХБ” АЖ ва «COSCOM» МЖЧ (Uсellтм) ўртасидаги келишув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 августдаги № 249 - сонли “Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг-ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори асосида тузилган ва абонент телефон рақамларини биржанинг онлайн-аукцион орқали сотиш борасида икки компаниянинг ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади.
Юқорида қайд этилган қарор ва эришилган келишувлар доирасида “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ ахборот тизимида электрон аукционни ўтказишнинг тегишли қоидалари ишлаб чиқилди.
Айни дамда биржа мутахассислари томонидан чиройли сонлар кетма-кетлигида уяли телефон рақамларини онлайн аукцион орқали сотиш бўйича янги вебсайт ишлаб чиқилган ва тест синовидан ўтказилмоқда.
Онлайн аукционда ҳам юридик (B2B) ва ҳам жисмоний (B2C) шахслар иштироқ этишлари мумкин. Янги савдо механизми, ЎзРТХБнинг бошқа савдо платформалари каби очиқлик, ошкоралик, соғлом рақобат ва савдо иштирокчилари учун тенг шароитларни яратиб бериш тамойилларига асосланган.
“ЎзРТХБ” АЖнинг янги савдо тизими ва вебсайти яқин келажакда ишга тушиши кутилмоқда.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 24685