“ЎзРТХБ” АЖ Инха Университети талабалари учун биржа фаолияти бўйича учрашув ўтказилди. | Новости

13 Май 2019

“ЎзРТХБ” АЖ вакиллари Тошкент шаҳридаги Инха Университетига ташриф буюрдилар. Талабаларга биржа фаолиятини таништириш тақдимоти бўлиб ўтди. Биржа фаолияти бўйича видеороликлар намойиш этилди, барча савдо майдончалари ҳақида тушунча берилди, биржа савдоларини ташкиллаштириш, давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, автомобиллар давлат рақамлари аукциони, шунингдек брокерлик идоралари фаолияти тўғрисида ва бошқалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Талабалар ўртасида уларнинг биржа фаолияти бўйича билимлари доирасида кичик мусобақа уюштирилди ва ғолибларга эсдалик совғалар берилди.

Учрашув якунида “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари  талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. “ЎзРТХБ” АЖ да ҳар хафтанинг жума куни – талабалар учун очиқ эшиклар куни деб эълон қилинди. 

Тошкент шаҳридаги Инха Университети 2014 йилда Корея Республикаси Инха Университети билан ҳамкорлигида  ташкил этилган.

Университет, ахборот коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлашни янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган.

Университетнинг асосий мақсади – мамлакат ва жамият ривожига ҳисса қўшадиган технология, саноат, бизнес ва бошқа касблар соҳасидаги келажак раҳбарларни тайёрлашдир.

Манбаа : Пресс-служба АО УзРТСБ

Кўрилди: 8877