Биржа Раиси Сурхондарё вилояти фуқароларини қабул қилди | Новости

18 Апр 2019
2019 йил 16 апрелда “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раиси Фарохидин Ибрагимов жойларда аҳоли ўртасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятида очиқ мулоқот ва  сайёр қабул ўтказди. Тадбирда “ЎзРТХБ” АЖнинг Сурхондарё вилояти филиали раҳбарияти, мутахассислар ва брокерлари ҳам иштирок этдилар.
 
Учрашув аввалида Фарохидин Ибрагимов биржа савдолари ва биржа мижозларига яратилаётган шароитларга оид қабул қилинган ҳукумат қарорларининг мазмун ва моҳиятини кенг тушунтириб берди.
 
Тадбирда қатнашган фуқаролар, тадбиркорлар ва корпоратив мижозлар биржа раҳбари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга ва муаммоларни бартараф этишга оид жавоб олдилар. Хусусан, тадбиркорларнинг биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидларида, ҳисоб-китоб клиринг хизматлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, биржа мижозларига сифатли хизмат кўрсатиш, биржа савдолари қоидаларини бузилганлиги учун жарималарни қўлланилиши ва брокерлик хизматлари учун комиссион йиғимларни ундириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Биржа аъзолари ва трейдерлар одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъиян риоя қилиш ва фақатгина мижоз ва брокер ўртасида тузилган шартнома доирасида комиссион тўловлар ундирилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилди.
 
Мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш ва вақтни талаб этувчи масалалар бўйича эса аниқ муддат ва масъул шахслар тайинланди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 7985