2019 йил 9 апрель куни Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси – “FEAS” Бош котиби Константин Сароян бошчилигидаги делегация ЎзРТХБ га ташриф уюштирди.
Учрашув аввалида “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раиси Фарохидин Ибрагимов меҳмонларни илиқ кутиб олди ва ўзбек биржасига билдирилган қизиқиш учун уларга миннатдорлик билдирди. ЎзРТХБ биржа савдолари соҳасида етакчи халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларнини кенгайтиришдан манфаатдор эканлиги таъкидланди. Шу сабабли “ЎзРТХБ” АЖ доимий равишда кузатувчи сифатида FEAS тадбирларида иштирок этиб келмоқда.
Ташриф буюрган меҳмонлар учун UZEX биржасининг ташкил этилиш ва ривожланиш тарихи, электрон савдолар механизми ва истиқболли режалари ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. FEAS вакилларига биржа савдолари орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш механизми батафсил тушунтириб берилди.
Учрашув давомида делегация аъзолари биржанинг веб-сайтлари ва уларнинг функционал имкониятлари билан танишишга муяссар бўлдилар. Шунингдек, биржанинг марказий савдо залида брокерлик идораларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф якунига кўра FEAS вакиллари ЎзРТХБ фаолиятини ижобий баҳолаб, келгусида ЎзРТХБни халқаро ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида киришни назарда тутувчи ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик қилишга умид билдирдилар.
Маълумот учун: Евро-Осиё Фонд биржалари федерацияси 1995 йилда аъзо давлатлар биржаларининг ривожланишига кўмаклашиш, шу жумладан уларнинг таркибий тузилмасини такомиллаштириш, брокерлар ва дилерларни тартибга солиш ва ўз-ўзини бошқариш механизмлари билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш, самарали мониторингни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 9164