Биржада чорва учун ем баҳоси пасайди | Новости

01 Апр 2019
2019 йил I чорак якунига кўра “ЎзРТХБ” АЖ нинг биржа савдолари орқали сотилган пахта чигитининг шрот ва шелухаси нархи ўртача 7,1 %га пасайган. Хусусан, йил бошидан буён шрот котировкаси 5,6 %га, яъни 1 тонна учун 2060,5 минг сўмдан 1945,8 минг сўмга пасайди. Шелуханинг биржа нархи эса 8,7% га, яъни 1 тонна учун 1468,0 минг сўмдан 1340,4 минг сўмга қисқарди.
 
Нархларнинг пасайишига биринчи навбатда биржанинг чорва озуқаси бозорида реал бозор шароитининг шаклланиши эвазига эришилди. Хусусан, “Ўзпахтаёғ” АЖ томонидан биржа савдоларига доимий равишда катта ҳажмда шрот ва шелуханинг қўйилиши бозорда талаб ва таклиф мувозанати сақланишини таъминлади.
Умуман олганда, кўриб чиқилаётган давр ичида биржа савдоларига 178,0 минг тонна шрот қўйилган бўлиб, ундан 137,5 минг тоннаси сотилган. Шунингдек, 122,8 минг тонна шелуха савдога қўйилган бўлса, ундан 109,5 минг тоннаси сотилди. Шрот ва шелуханинг сотилмаган ҳажми, яъни қолдиғи такрорий равишда биржа савдоларига қўйиб борилади.
 
Биржа савдоларида харидор сифатида фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар эркин ва чекловсиз равишда иштирок этишмоқда. Шу билан бирга истеъмолчиларнинг таркибида ҳар бир ҳудуддаги талаб даражасига мувофиқ чорвачилик учун ем ҳажми мутаносиб равишда тақсимланиши қайд этилган. Шу жумладан, Бухоро вилоятининг истеъмолчилари етакчиликни эгаллаб, улар бозорнинг 16 % эгаллашди. Кейинги қаторлардан жой олган Фарғона вилоятининг улуши 12 % ва Қашқадарё вилоятининг улуши 9%ни ташкил этди. Қолган ҳудудларнинг улушлари эса 5-8% атрофида. 
 
Шуни таъкидлаш керакки, биржа савдолари орқали сотилаётган шрот ва шелуханинг ҳажми гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг шаклланишида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Мисол учун, 2019 йил I чорак давомида биржа савдолари орқали шартли чорва озуқаси бирликлари бўйича 153,01 минг тонна шрот ва шелуха озуқаси бирлиги сотилган, бу эса республикадаги бир бош йирик қорамол тахминий озуқасининг деярли 5,3 % ни ташкил қилади.
 
Эслатиб ўтамиз, товар бозорларида чинакам рақобат муҳитини яратиш ҳамда тақсимлаш тизими элементларини тугатиш, қишлоқ хўжалиги базавий тармоқларининг молиявий барқарорлигини таъминлашда бозор механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги ПҚ-4023 сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январда қабул қилинган ПҚ-3479-сонли қарорига ўзгартиришлар киритилиб, уларга мувофиқ пахта чигити шелухаси ва шроти биржа савдоларида эркин реализация қилинади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 14601