Бир ҳафта давомида онлайн аукцион орқали 764 та автомобиль рақамлари сотилди | Новости

05 Мар 2019

2019 йилнинг 25 февралидан 3 мартгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 754,6 млрд сўмлик битимлар тузилди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 12,7% га пасайиб, деярли 371,2 млрд сўмни ташкил этди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 848,9 млрд сўмдан 655,8 млрд сўмгача тушди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни қурилиш материаллари эгаллаб, унинг улуши 20,2% ни ташкил этди. Кейинги ўринларда нефть маҳсулотлари – 14,8%, кимё маҳсулотлари – 12,8% ва пахта толаси – 12,6% улуш билан жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 2,3 млн АҚШ доллардан ортиққа тенг товарлар сотилди. Ўтган ҳафтада экспортга полиэтилен, Гач II ва саноат мойи сотилиб, уларнинг улушлари мос тарзда 78%, 20% ва 2% ни ташкил этди.

Жорий 2019-йилнинг 25 февралидан 3 мартгача бўлган вақт оралиғида биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  қишлоқ хўжалиги, минерал ўғит, нефть маҳсулотлари ва бошқа товарларга 137 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми аввалги ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 30,6% га қисқарди ва 31,3 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 25,5 миллиард сўмни ёки тузилган битимларнинг 81,5%ни эгалади.

Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 17,7 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 6,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Наманган филиали 3,3 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 10,0 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қурилиш материаллари (5,1 млрд сўм) ва маиший товарлар (3,3 млрд сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 764 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси деярли 3,2 миллиард сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 20% биринчи тоифадаги авторақамларга, 48% иккинчи ва 32% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 24% га тенг. Иккинчи ўринда Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорлари 12% улуш билан жойлашди. Кейинги ўрин Бухоро ва Фарғона вилоятларининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 10% ни ташкил қилди. Қолган ҳудудларнинг улуши 44% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 64,3 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағини тежалиши 12,6 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 24,6 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 39,7 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 14,8 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати деярли 49,5 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 12640