2019 йил 18-24 март учун савдо натижалари | Новости

26 Мар 2019

2019 йилнинг 18 мартдан 24 мартгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 633,0 млрд сўмлик битимлар тузилди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 30,6% га пасайиб, деярли 304,5 млрд сўмни ташкил этди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 874,6 млрд сўмдан 562,8 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни пахта толаси эгаллаб, унинг улуши 19,8% ни ташкил этди. Кейинги ўринларда қурилиш материаллари– 18,4% ва кимё маҳсулотлари – 14,3% улуш билан жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 1,2 млн АҚШ доллардан ортиққа тенг товарлар сотилди. Ўтган ҳафтада экспортга пахта толаси ва пиролиз бензини катта ҳажмда сотилиб, уларнинг улушлари мос тарзда 62% ва 22% ни ташкил этди. Бошқа товарларнинг улуши 16% га тенг.

Жорий 2019-йилнинг 18 мартдан 24 мартгача бўлган вақт оралиғида биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  қишлоқ хўжалиги, минерал ўғит, нефть маҳсулотлари ва бошқа товарларга 106 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми аввалги ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 76,9% га пасайди ва 10,3 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 8,8 миллиард сўмни ёки тузилган битимларнинг 86,0%ни эгалади.

Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 6,9 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 1,8 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Фарғона филиали 0,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 5,6 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қурилиш материаллари (1,2 млрд сўм) ва эҳтиёт қисмлар (0,6 млрд сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 470 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси деярли 1,6 миллиард сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 17% биринчи тоифадаги авторақамларга, 51% иккинчи ва 32% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 20% га тенг. Иккинчи ўринда Фарғона вилоятининг авто ҳаваскорлари 14% улуш билан жойлашди. Кейинги ўрин Қашқадарё вилоятининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 12% ни ташкил қилди. Қолган ҳудудларнинг улуши 54% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 58,1 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 13,6 %га кўп эканлигини кўрсатди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағини тежалиши 12,1 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 19,4 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 38,7 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 11,1 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 47,0 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 10882