2020 йилнинг январидан биржа соҳасида нима ўзгаришлар кутилмоқда? | Новости

28 Дек 2019
Тобора якунланаётган 2019 йилда биржа фаолиятини сарҳисоб қилиш билан бирга, янги йилнинг дастлабки ойида соҳада қандай ўзгаришлар бўлиши кўпчиликни қизиқтирса керак. Шундай экан, 2020 йилнинг январь ойидан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятида нима ўзгаришлар кутилаётганлигини кўриб чиқамиз.
 
1. Монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми фақат биржа савдолари орқали (Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича) экспорт қилинади. 
 
Маҳаллий маҳсулотларимизни биржа савдолари орқали жаҳон бозорларига олиб чиқиш сотувчи-корхоналар учун харидорларни янада кенгроқ қамраб олиш, етказиб берилаётган товарлар учун тўловларни кафолатлаш ва ўтказилаётган аукционлар эвазига қўшимча даромад олиш имкониятларини очиб беради.
 
2. Қуйидаги товарлар ички бозорда бозор тамойиллари асосида фақат очиқ биржа савдолари орқали барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда сотилади:
 
- маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар (республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно);
 
- техник мой, омухта-ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купоросини;
 
- ёқиш мазути, иситиш ёқилғиси, суюлтирилган газ ва нефть битуми (махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно).
 
Мазкур товар ресурсларини очиқ биржа савдолари орқали сотилиши харидорлар, шу жумладан тадбиркорларнинг улардан эркин фойдаланиши сезиларли даражада кенгайтиради, сотувчилар биржа савдолари натижасида олинган қўшимча даромад ҳисобига ўзларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш имконига эга бўлишади.
 
3. Биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулот тўғрисида маълумотлар мажбурий тартибда биржанинг расмий вебсайтига жойлаштирилади.
 
4. Сотувчи ва харидорларнинг келишувига кўра биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузиш механизми жорий этилади.
 
Товарларни биржа савдолари орқали импорт қилиш савдо иштирокчилари учун тузилган битимни бажарилишини кафолатлаш механизмидан фойдаланиш, ҳамда нархларни бозор тамойиллари асосида шаклланиш каби қулайликларни тақдим этади. Шунингдек бу механизм Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ёки кам миқдорда ишлаб чиқариладиган товарларнинг ички нархларини барқарорлаштиришга ҳам хизмат қилади.
 
5. Стратегик аҳамиятига эга бўлган буюртмачилар учун давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштироки билан ўтказиш имкониятини берувчи электрон дўконнинг янги бўлими тўла ишга тушурилади.
 
6. Стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналар:
 
- энг яхши таклифларни танлаб олиши йўли орқали амалга ошириш ҳақида эълон 15 кундан кам бўлмаган муддатга махсус ахборот порталига жойлаштирадилар;
 
- мазкур харидлар бўйича харид комиссиясининг баёнини махсус ахборот порталига 2 иш куни муддатга жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирадилар;
 
- давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар тўғрисида маълумотларни 3 иш кундан кечиктирмасдан махсус ахборот порталига тузилган шартномалар реестрига киритадилар;
 
- харидларни электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали қонунда белгиланган мезонларга мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.
 
7. Мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида биржа электрон савдо платформалари учун ягона клиринг тизимини жорий этилади. Ушбу тизим ёрдамида мижозлар ўз клиринг ҳисоб варақларидаги пул маблағларидан биржанинг барча савдо платформалари учун фойдаланиш мумкин бўлади. Яъни мижозлар биржа савдолари ва онлайн аукционларида товарни сотиш ёки сотиб олишлари учун биржанинг ҳисоб-китоб клирингдаги битта ҳисобварағидан фойдаланадилар.
 
8. Кўргазма-ярмарка савдоларнинг янгиланган тизими жорий этилади. Бунда мижозлар учун савдоларни аукцион ва аукционсиз шаклида ўтказиш, ҳамда нархлар сўрови механизмидан фойдаланиш мумкин бўлади. 
 
Шунингдек тадбиркорлик субъектларини электрон тижорат соҳасига кенг жалб қилиш мақсадида кўргазма-ярмарка савдолари тизимида биржанинг тузилган битимлар ижросини ҳисоб-китоблар клиринги палатаси орқали кафолатлаш механизми жорий этилади. Эндиликда сотувчи ва харидорлар биржа савдоларида амал қилувчи битимлар бажарилишини кафолатлаш каби қулайлигидан кўргазма-ярмарка савдолари тизимида ҳам фойдаланишлари мумкин бўлади. Шартнома шартлари бажарилмаганлиги учун жаримани қўлланилиши мазкур савдо тизимига бўлган ишончни оширади ва томонларнинг шартномавий интизомини мустаҳкамлайди.
 
9. Биржа савдолари бўйича янги мобиль иловаси ишга туширилади. Замонавий дизайн, интерфейсга эга мобиль илова “ақлли” излаш функцияси ва шахсий кабинет орқали биржа савдолари тўғрисида барча маълумотларни олиш имконини беради.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9150