“ЎзРТХБ” АЖ Қаршида матбуот-анжумани ўтказди | Новости

13 Дек 2019

2019 йил 13 декабрда Қарши шаҳрида “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. “ЎзРТХБ” АЖ Қашқадарё филиали ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси анжуман ташкилотчилари бўлди.

Анжуманда,  шунингдек, вилоят Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари, давлат харидларининг буюртмачилари ва товар етказиб берувчилари, тадбиркорлар, ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4544-сон қарорини мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришдан иборат бўлди.

Матбуот-анжуманида таъкидланганидек, мамлакатимизнинг давлат харидлари тизими амалдаги қонунчиликни чуқур таҳлил қилиш ва давлат харидлари механизмининг долзарб масалаларини ҳар томонлама ўрганиш асосида мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда. Бунда, электрон савдоларни ўтказиш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш йўли билан харидларнинг шаффофлиги, ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашга алоҳида урғу берилмоқда.

Шу боис қабул қилинган янги қарор давлат харидлари тизимининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уни янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субектларини кенг жалб қилиш ҳисобига корпоратив буюртмачилар, шу жумладан, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналар маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3487-сон қарори билан тасдиқланган стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналар:

 -энг яхши таклифларни танлаб олиши йўли орқали амалга ошириш ҳақида эълон 15 кундан кам бўлмаган муддатга махсус ахборот порталига жойлаштирадилар;

 -мазкур харидлар бўйича харид комиссиясининг баёнини махсус ахборот порталига 2 иш куни муддатга жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирадилар;

 -давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар тўғрисида маълумотларни 3 иш кундан кечиктирмасдан махсус ахборот порталига тузилган шартномалар реестрига киритадилар;

 -харидларни электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали қонунда белгиланган мезонларга мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат буюртмачиларига электрон дўконнинг қўшимча сахифасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш ҳуқуқи ҳам берилади.

Мазкур қарорни ижро этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “ЎзРТХБ” АЖ билан биргаликда давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштироки билан ўтказиш имкониятини берувчи электрон дўконнинг янги бўлими ишлаб чиқишмоқда.

Тадбир давомида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида жойлаштириладиган ушбу янги саҳифанинг лойиҳасини тақдимоти ўтказилди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг мазкур савдо тизимида иштирок этиш тартиби ҳам тушунтирилди.

Айтиб ўтилганидек, давлат харидлари бўйича ҳудудий электрон савдоларни ўтказиш жараёни электрон дўкон механизмига ўхшаш. Буюртмачи ўзининг ҳудудидаги талабгорларнинг таклифлари орасида зарур товарни танлайдилар ва нарх сўраш механизмини фаоллаштиради. Кейинги 48 соат мобайнида белгиланган ҳудуддаги етказиб берувчилар худди шундай товарга ўз нарх таклифларини тизимга киритадилар.

Савдо ғолиби электрон тизимга киритилган нарх таклифларини солиштирган ҳолда автоматик режимда аниқланади. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартнома мижознинг шахсий кабинетида электрон шаклда имзоланади.

Электрон дўконнинг қўшимча саҳифасида харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра товар мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган тақдирда, давлат буюртмачиси электрон дўконнинг асосий саҳифасидан фойдаланади.

Умуман олганда, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бюджет ташкилотлари ва давлат улуши бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу соҳада соғлом рақобатни ривожлантиришга давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz ёрдамида эришилмоқда. Ўз навбатида “ЎзРТХБ” АЖ мазкур порталнинг оператори вазифасини муваффақиятли бажариб келмоқда.

2019 йил 11 ойи давомида “ЎзРТХБ” АЖ нинг электрон давлат харидлари тизимида 3,4 трлн сўмлик битимлар тузилди. Бюджет ва корпоратив буюртмачилари томонидан тежалган маблағларнинг умумий миқдори эса 712,3 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг тузилган битимлардаги улуши 95% дан ошди.

Электрон савдолар жараёнида битта буюртма бўйича ўртача 5 та таклиф келиб тушмоқда, бу эса ушбу соҳада кенг рақобат муҳити шаклланганлигидан далолат беради.

Кўриб чиқилаётган даврда Қашқадарё вилоятида электрон давлат харидларининг умумий ҳажми 166,2 млрд сўмни ташкил этди. Электрон савдоларнинг якунларига кўра вилоятнинг бюджет ва корпоратив буюртмачилари томонидан 34,8 млрд сўмлик маблағлар тежалган.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар, ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Источник : Пресс служба АО "УзРТСБ"

Курилди: 10132